Вазирлар Маҳкамасининг 4.05.2021 йилдаги “Автомототранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномаларини олиш учун имтиҳонларни ўтказиш соҳасига хусусий секторни жалб этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 272-сон қарори қабул қилинди.
Автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолияти учун лицензияга эга тадбиркорлик субъектларига барча тоифадаги автомототранспорт воситаларини (троллейбус ва трамвайдан ташқари) бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонларни ўтказиш ҳуқуқи берилди.
Ички ишлар вазирлигига 2021 йил 1 июндан бошлаб қуйидагилар топширилди:
- Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг (ДЙҲХХ) назарий ва амалий имтиҳонларни ўтказиш бўйича фаолиятини тўхтатиш;
- ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонларни ўтказиш ҳуқуқига эга бўлган тадбиркорлик субъектлари ҳамда давлат хизматлари марказлари билан ўзаро ахборот алмашинуви йўлга қўйилишини ташкил этиш чораларини кўриш;
- тадбиркорлик субъектларида ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун ўтказиладиган назарий ва амалий имтиҳонлар жараёни устидан ДЙҲХХ вакилининг бевосита ёки онлайн назоратини таъминлаш.
Уч ой муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи автоматлаштирилган Ягона ахборот тизимини яратиш бўйича техник топшириқ ишлаб чиқилади:
- ДЙҲХХга тегишли барча ахборот тизимларини мазкур Ягона ахборот тизимига интеграция қилиш;
- ўқув гуруҳларидаги ҳайдовчиликка номзодлар тўғрисида маълумотлар базасини шакллантириш;
- ўқув гуруҳларидаги ҳайдовчиликка номзодларни идентификация қилиш орқали уларнинг кундалик таълим жараёнидаги иштирокини (давоматини) назорат қилиш;
- якуний имтиҳонларни назорат қилиш орқали таълим сифатини баҳолаш;
- имтиҳон натижалари бўйича электрон маълумотлар базасини шакллантириш, ўқув муассасалари рейтингини таҳлил қилиш ва тузиш.
Шунингдек, қарор билан Автомототранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонларни тадбиркорлик субъектлари - юридик шахслар томонидан ўтказиш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди.
Низом имтиҳонни ўтказиш учун аризалар қабул қилиш, имтиҳонлар ўтказишни ташкил қилиш, кўрсатиладиган хизматлар учун тўловни амалга ошириш, ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун сертификат бериш тартибини белгилайди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 5.05.2021 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.