Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Хорижий компанияга суғурта хизматлари учун тўлов қилишда ҚҚС ушлаб қолинадими ТМҚнинг тасдиқланган табиий камайиш нормативлари борми Нодавлат таълим муассасалари учун солиқ имтиёзлари узайтирилмоқда

Ҳайдовчилик гувоҳномаси: олиш, алмаштириш ёки дубликатини расмийлаштириш

18.06.2018

Рус тилида ўқиш

Вазирлар Маҳкамасининг 31.05.2018 йилдаги 408-сон қарори билан Давлат таълим муассасалари ва автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолиятини амалга оширувчи бошқа юридик шахсларнинг ўқув гуруҳларини рўйхатга олиш, шунингдек имтиҳонларни ўтказиш ва миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

 


 

Таҳририятдан: мазкур ҳужжат ва 75 000 та бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тушунтиришлари билан «ЎзР қонун ҳужжатлари» АҚТга жамланган. Намойиш версиясини бу ерда кўчириб олишингиз мумкин (32,1 МБ). 


 

Мактаб ва курсларни рўйхатга олиш тартиби тўғрисида

 

Давлат таълим муассасалари ва бошқа юридик шахсларнинг ўқув гуруҳларини рўйхатга олиш Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати (ДЙҲХХ) ва унинг ҳудудий бошқармалари (ЙҲХБ) томонидан амалга оширилади.

Давлат таълим муассасалари ўзининг таълим фаолиятини бошлагунга қадар юқори турувчи давлат идораси орқали ИИВ ЙҲХББнинг хулосасини олади. Хулоса чиқарилгунга қадар ЙҲХББ қарори асосида, текширув комиссияси томонидан даъвогарларнинг моддий-техника ва ўқув-методик базаси ҳар томонлама кўрикдан ўтказилади.


Текширув натижалари бўйича 3 нусхада далолатнома тузилади: бири хулоса тайёрлаш учун ЙҲХББга тақдим этилади, бир нусхаси – ЙҲХБда, бир нусхаси  давлат таълим муассасасида сақланади. Давлат таълим муассасаси ЙҲХБда ҳисобга қўйилганда тайёрланадиган ҳайдовчиларнинг тоифалари кўрсатилган ҳолда унинг номи, манзили, банк реквизитлари, уставни тасдиқлаш (рўйхатдан ўтказиш) тўғрисида маълумот, маҳаллий давлат органларининг қарори рақами кўрсатилади ва ушбу барча маълумотлар алоҳида журналда акс эттирилади. Давлат таълим муассасаларини ҳисобга олиш журнали ИИВ томонидан рўйхатдан ўтказилади ва ҳудудий ЙҲХБда сақланади.


Кўрсатилган соҳада нодавлат таълим хизматларини кўрсатувчи юридик шахснинг ўқув гуруҳлари Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан берилган тегишли лицензия асосида ЙҲХББ кўрсатмасига асосан ЙҲХБ томонидан рўйхатга олинади.


Ўқув ташкилотлари томонидан автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларининг малака ошириш курслари якуни бўйича ҳудудий ЙҲХБга сертификат олган тингловчилар, сертификат берилган сана ва рақами кўрсатилган ҳолда рўйхати тақдим этилади.

 

ЙҲХБда ҳисобга олинган барча ўқув ташкилотларининг ўқув, моддий-техника базаси ва фаолияти ҳар йили камида 1 маротаба атрофлича, ҳар бир ўқув гуруҳларининг ўқув жараёни эса ҳар ойда камида 1 маротаба ҳудудий ЙХХБлар томонидан ўрганиб борилади. Ўрганиш натижалари юзасидан далолатнома тузилиб, зарурат туғилганда давлат таълим муассасасининг юқори турувчи ташкилотига тегишли тақдимнома юборилади.



Ўқув ташкилотлари томонидан белгиланган муддатларда аниқланган камчиликлар бартараф этилмаса, ушбу ўқув ташкилотларининг янги ўқув гуруҳларини ҳудудий ЙҲХБнинг рўйхатлаш ва имтиҳон олиш бўлинмаларида (РваИОБ) рўйхатдан ўтказиш тўхтатилади.

 

Ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш тартиби


Автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини олишни истаган шахслар махсус ишлаб чиқилган ва белгиланган тартибда тасдиқланган ўқув режа ва дастурларига мувофиқ таълим олишлари шарт.

 

Имтиҳонлар доимий ёки вақтинчалик турар жойларидаги, мажбурий хизматга чақирилган ҳарбий хизматчилар томонидан эса – хизмат жойларидаги ҳудудий ЙҲХБнинг РваИОБларида топширилади. Фавқулодда ҳолатлар юз берган вақтда, ўқув ташкилотлари имтиҳон олиш жойларидан узоқ масофада жойлашган ҳудудларда ва ҳ.к., истисно тариқасида, имтиҳонлар қабул қилиш жойи ёки муддати ЙҲХБ раҳбарияти томонидан кўриб чиқилиши мумкин.



Ўқув муддати якунида:

  • «А» тоифадаги мототранспорт воситасини бошқариш ҳуқуқига эга бўлиш учун – 16 ёшга;
  • «В» ва (ёки) «С» тоифадаги автотранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқига эга бўлиш учун – 18 ёшга;
  • «D» тоифадаги автотранспорт воситаларини, трамвай ва троллейбусларни бошқариш ҳуқуқига эга бўлиш учун – 21 ёшга тўлган шахсларга ҳудудий ЙҲХБнинг РваИОБда имтиҳонлар топширишга рухсат этилади.

 

Истисно: Мудофаа вазирлиги томонидан автомототранспорт воситалари ҳайдовчилари мутахассислиги бўйича ўқишга жалб этилган чақирилувчиларга ўқишни тугатганларидан сўнг, 18 ёшга тўлмаган бўлсалар-да, ҳудудий ЙҲХБда имтиҳонларни топширишларига рухсат берилади. Уларга назарий ва амалий имтиҳонларни топширганларидан сўнг тегишли тоифадаги («В» ва (ёки) «С») автотранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси берилади. Бунда «Алоҳида белгилар учун» жойида унинг эгаси қайси муддатдан (18 ёшга тўлганидан кейин) автотранспорт воситасини бошқариш ҳуқуқига эга эканлиги кўрсатилади.

 
Аввал – назарий имтиҳон, сўнг амалий имтиҳон ўтказилади. Назарий имтиҳонларни топшира олмаган шахслар амалий имтиҳонларга қўйилмайди. Имтиҳонларни қабул қилиш ва «А», «В», «С», «D», «ВЕ», «СЕ», «DE» тоифадаги автомототранспорт воситаларини, шунингдек, трамвай, троллейбусларни бошқариш ҳуқуқини берувчи миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларни бериш ҳудудий ЙҲХБнинг РваИОБлари томонидан амалга оширилади.


Гувоҳномани олиш учун ҳайдовчиликка номзодлар ҳудудий ЙҲХБнинг РваИОБларига тасдиқланган ҳужжатлар рўйхатини тақдим этишлари лозим.


Назарий ва амалий имтиҳонларни топширган шахсларга имзоланган баённома асосида миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси берилади. Гувоҳнома уни қайд этиш китобига серияси ва тартиб рақамининг ўсиши бўйича киритилади ҳамда имтиҳон варақасига қайд этилади. Ҳайдовчилик гувоҳномасидаги ёзувлар махсус техник воситаларда чоп этилади.


Гувоҳнома фақат унинг эгасига берилади ва ишончнома билан берилмайди. У паспортини ёки унинг ўрнини босувчи ҳужжатни кўрсатиб, ҳайдовчилик гувоҳномаси бериладиган китобга шахсан имзо қўяди.

 

Ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш


Ҳайдовчилик гувоҳномаси эгасининг белгиланган шаклдаги аризаси, унинг олдинги ҳайдовчилик гувоҳномаси (эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномалари учун – унинг талони ҳам), ҳайдовчининг имтиҳон варақаси ёки ҳайдовчилик гувоҳномасини берган ҳудудий ЙҲХБ тасдиқномаси, белгиланган шаклдаги тиббий маълумотнома, фуқаролик паспорти ёки унинг ўрнини босувчи бошқа ҳужжат тақдим этилганидан сўнг алмаштирилади.



Автомототранспорт воситаларини охирги 12 ой давомида бошқарган шахсларнинг ҳайдовчилик гувоҳномалари тегишли имтиҳонларсиз алмаштирилади. Ушбу далил қўйидаги ҳужжатлар билан тасдиқланади:

  • ишлаётган ҳайдовчилар учун – меҳнат дафтарчасидан кўчирма ёки ишлаётган жойида унга бириктирилган автомототранспорт тури кўрсатилган маълумотнома (буйруқдан кўчирма);
  • шахсий автомототранспорт воситалари ҳайдовчилари учун – уларга тегишли бўлган автомототранспорт воситасининг рўйхатдан ўтганлиги ҳақидаги қайд этиш гувоҳномаси;
  • ишончнома ёки ижара шартномаси билан автомототранспорт воситасини бошқарган шахслар учун – автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳнома ва уни бошқариш учун нотариал идора томонидан тасдиқланган ишончнома ёки ижара шартномаси.



Автомототранспорт воситасини охирги 12 ой давомида бошқармаган шахсларнинг ҳайдовчилик гувоҳномалари назарий ва амалий имтиҳонларни топширганларидан сўнг алмаштирилади.


Йўқолган гувоҳнома дубликати назарий ва амалий имтиҳонлар топширилганидан ҳамда транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган ҳайдовчилик гувоҳномалари маълумотлар базасидан текширилганидан сўнг берилади. Ўғирланган, ёнғин, табиий офат оқибатида ва бошқа шу каби сабабларга кўра йўқолган ҳамда дахлдор ваколатли идораларнинг ҳужжатлари билан тасдиқланган ҳолатлар бундан мустасно. Санаб ўтилган ҳолларда ҳайдовчининг аризаси, имтиҳон варақаси, тиббий маълумотнома мавжуд бўлмаган ҳолларда ҳудудий ЙҲХБнинг РваИОБларининг тасдиқномаси асосида берилади.


Ҳайдовчилик гувоҳномасининг дубликатини расмийлаштириш давомида 1 ой муддатга вақтинчалик рухсатнома берилади. Тасдиқловчи ҳужжатлар олингунга қадар вақтинчалик рухсатнома муддатини яна 1 ойгача узайтириш мумкин. У алоҳида китобда қайд этилади ва ҳайдовчилик гувоҳномаси берилгандан кейин асос бўлган ҳужжатларга тикилади.

 
Халқаро ҳайдовчилик гувоҳномалари ва Йўл ҳаракати тўғрисидаги Конвенция талабларига жавоб берадиган миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари Ўзбекистон ҳудудида автомототранспорт воситаларини бошқариш учун ҳақиқий ҳисобланади. Бизнинг фуқаролар учун Ўзбекистон ҳудудида миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари ҳақиқий ҳисобланади.

 

Энди пластик гувоҳномалар берилади


Ҳайдовчилик гувоҳномалари бланкалари пластик шаклда тасдиқланадиган намунага мувофиқ ЙҲХББ буюртмасига асосан тайёрланади. Буюртма 1,5 йиллик доимий захира бўлишини инобатга олиб берилади. Ҳайдовчилик гувоҳномалари ҳамда қатъий ҳисобот бланкаларининг кирим ва чиқимлари ҳисобот китобида қайд этилади.

 

Ҳайдовчилик гувоҳномаларининг тўлдирилмаган пластик карталари қатъий ҳисобот ҳужжатлари тариқасида сақланади. Тўлдириш (ёки чоп этиш) жараёнида бузилганлари далолатнома расмийлаштирилгач, ЙҲХББга топширилади ва йўқ қилинади.

 
Тиббий кўрик хулосаси асосида транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан четлатилган, йўқолгани ўрнига дубликати берилгандан сўнг топиб олинган, маҳрум этилган муддатдан кейин 2 йил давомида талаб қилиб олинмаган, вафот этган фуқароларнинг миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари ва эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаларининг талонлари навбатдаги тафтишда белгиланган тартибда йўқ қилинади.


 
Зумрад Ниязметова,
адвокат.



 

Валюталар курси

2024-11-25
  • USD:12829.07 (+0.00) сум
  • EUR:13344.80 (+0.00) сум
  • RUB:124.91 (+0.00) сум

Янги сонларда ўқинг

2024, 26 ноябрь№ 48