Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Қизил китобини тайёрлаш, нашр этиш ва юритишнинг янги тартибини тасдиқлади (ВМнинг 19.12.2018 йилдаги 1034-сон қарорига қаранг).
Президентнинг 17.07.2018 йилдаги “Ўзбекистон Республикаси фанлар академияси ботаника институти фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-3861-сон қарорининг қабул қилинганлиги ҳамда камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остидаги турларнинг (кенжа турларнинг) муҳофазаси ва уларни қайта тиклашни таъминлаш бўйича чоралар кўрилиши зарурияти боис ҳужжатнинг янги таҳрири тасдиқланди.
Белгиланишича, Қизил китоб Ўзбекистон ҳудудида яшайдиган ҳайвонлар, ёввойи ўсимликлар ва қўзиқоринлар турларининг (кенжа турларининг) (кейинги ўринларда - турлар (кенжа турлар) ҳолати, тарқалиши, камёблик мақоми ва йўқолиб кетиш хавфининг мақоми ва муҳофаза чоралари (кейинги ўринларда - камёблик мақоми) тўғрисидаги ҳужжатлаштирилган маълумотлар мажмуини сақлайди.
Жисмоний ва юридик шахслар Қизил китобга киритиш, ундан чиқариш ёки турларнинг (кенжа турларнинг) камёблик мақомини ўзгартириш таклифлари билан чиқишлари мумкин. Давлат экология қўмитасига мурожаат қилиниши лозим.
Қизил китобга киритилган объектларнинг ҳисоби ва мониторинги юритилиши лозим. Фанлар академияси камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остидаги ҳайвонот ва ўсимликлар олами объектларининг давлат кадастрини қонунчиликда белгиланган тартиб асосида юритади. Давлат экология қўмитаси манфаатдор давлат бошқаруви органлари, жисмоний ва юридик шахслар билан биргаликда Қизил китобга киритилган турларни (кенжа турларни) муҳофаза қилиш ва қайта тиклаш бўйича чораларни ишлаб чиқади.
Қизил китобга турларни (кенжа турларни) киритиш ва ундан чиқариш, шунингдек унинг таркибий қисми ҳисобланган ўзгартиришлар ва унга қўшимчалар тўғрисидаги қарор Фанлар академияси ва Давлат экология қўмитасининг расмий веб-сайтларига жойлаштирилади.
Қизил китоб Давлат экология қўмитаси томонидан электрон ва қоғоз шаклида 5 йилда камида бир марта нашр этилади.
Кизил китоб қонунчиликка мувофиқ равишда, шунингдек, Фанлар академияси ва Давлат экология қўмитасининг расмий веб-сайтларига жойлаштириш орқали тарқатилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 20.12.2018 йилдан кучга кирди.
Олег Гаевой.