Вазирлар Маҳкамасининг 12.06.2023 йилдаги “Хива шаҳрида Халқаро этноспорт фестивалини ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 240-сон қарори қабул қилинди.
Президентнинг 2022 йил 25 майдаги ПҚ-259-сон қарорига мувофиқ Халқаро этноспорт фестивали ҳар икки йилда бир маротаба ўтказилади. Биринчи фестиваль 2023 йил 7–10 сентябрь кунлари Хива шаҳрида ўтказилади.
Ҳужжат билан фестивални ўтказиш бўйича ташкилий қўмита таркиби, чора-тадбирлар режаси ва Фестивални ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Фестиваль доирасида қуйидаги тадбирларни ташкил этиш режалаштирилмоқда:
- халқаро мусобақалар;
- ош пишириш бўйича икки босқичли миллий чемпионат;
- қуйидаги кўргазмалар:
- наққошлик ва каштадўзлик санъати асарлари;
- керамикадан ясалган маҳсулотлар;
- ўзбек, форс, араб, рус тилларида нашр этилган адабиётлар.
Ёпилиш маросимида халқаро мусобақаларда ғолиб ва совриндор бўлган иштирокчилар медаль ва дипломлар билан тақдирланади. Спорт мусобақалари иштирокчилари жумласидан “Энг ёш иштирокчи”, “Мухлислар эътирофига сазовор бўлган энг яхши спортчи”, “Фахрий спортчи” каби номинациялар бўйича совриндорлар аниқланади ва улар ҳам қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 12.06.2023 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.