Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 24 апрелдаги 234-сон Қарори билан Ички ишлар органи ходимининг ёки унинг яқин қариндошларининг мол-мулкига унинг хизмат мажбуриятларини бажариши билан боғлиқ ҳолда етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Белгиланишича, ички ишлар органи ходими ёки унинг яқин қариндошларининг (ота-оналар, ака-укалар, опа-сингиллар, болалари, эри-хотини, шунингдек эри-хотинининг ота-оналари, ака-укалари, опа-сингиллари ва болалари) мол-мулкига етказилган зарарнинг ўрни ходимнинг хизмат мажбуриятларини бажариш вақтида етказилган тақдирдагина қопланади.
Зарарни қоплаш масаласини ўрганиш бўйича ички ишлар органларида доимий комиссиялар тузилади.
Зарарни қоплаш масаласини ҳал қилиш учун ички ишлар органининг кадр хизмати 3 кун ичида комиссияга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
- ходимнинг зарарни қоплаш ҳақидаги билдиргиси ёки яқин қариндошларининг аризаси;
- зарар етказилган ҳолатлар бўйича текширув хулосаси;
- зарар миқдорини тасдиқловчи ҳужжатлар.
Комиссия ҳужжатларни 15 кун ичида кўриб чиқади.
Ҳужжатларни кўриб чиқиш натижаси бўйича зарарни қоплаш ёки буни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинади ва 3 кун ичида манфаатдор шахсларга етказилади.
Зарарнинг ҳақиқий суммасини аниқлаш ички ишлар органи томонидан баҳолаш ташкилотини жалб қилган ҳолда мол-мулкига зарар етказилган шахснинг иштирокида амалга оширилади.
Ҳисоб-китоблар нақд ёки пул ўтказиш йўли билан амалга оширилиши мумкин. Зарар натура шаклида тенг мулкни бериш, шикастланганини таъмирлаш ёки бошқа кўринишларда қопланиши мумкин.
Етказилган зарарни қоплаш бўйича тегишли қарор қабул қилингандан сўнг ички ишлар органлари томонидан 10 кун ичида манфаатдор шахсларга етказилган зарар қоплаб берилиши лозим.
Зарарни қоплаган ички ишлар органи айбдор юридик ёки жисмоний шахслардан ушбу суммаларни ундириш чораларини кўради.
Ички ишлар органи молия хизмати томонидан зарар қопланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар (тўлов топшириқномаси, чиқим касса ордерлари, тўлов ведомостлари, ҳисоб-фактура ва бошқалар) нусхалари 2 кун ичида ички ишлар органининг юридик хизматига юборилади, юридик хизмат томонидан айбдор шахсларга нисбатан 10 кун ичида даъво киритилади.
Айбдор шахслар мавжуд бўлганда ички ишлар органининг юридик хизмати:
- айбланувчиларга даъво ва қарши даъволар киритиш учун зарур ҳужжатларни расмийлаштиради;
- судларда вакилликни таъминлайди;
- ундиришга қаратилган, лекин ундирилмай қолган (айбдор шахс вафот этганда, биринчи гуруҳ ногиронлик рўйхатига киритилган ҳолларда) маблағларни ҳисобдан чиқариш учун суд қарорлари ёки бошқа тегишли ҳужжатларни молия хизматига тақдим этади.
Ҳужжат давлат тилида қабул қилинган ва 2017 йил 1 майда кучга кирди.
Мазкур ҳужжатнинг матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва изоҳлар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
«Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида янги» шарҳини
эксперт-юристимиз Сардор ЖУМАШОВ
тайёрлади.