Президентнинг 7.02.2018 йилдаги ПҚ-3514-сон қарори билан туристик турларни сотиб олганда ва туристик инфратузилмани сақлаш соҳасида солиқ имтиёзлари жорий этилмоқда.
2018 йил 10 февралдан бошлаб алоҳида субъектларга 3 йил муддатга солиқ имтиёзлари жорий этилмоқда (қуйидаги жадвалга қаранг).
Cубъект |
Солиқлар бўйича имтиёзлар |
Иш берувчи |
Туризм сохасида фаолият кўрсатиш бўйича лицензияга эга бўлган субъектлардан ходимлар ва уларнинг оила аъзолари учун республика бўйлаб туристик йўлланмаларни сотиб олиш харажатлари ходимнинг даромади сифатида кўриб чиқилмайди ҳамда юридик шахсдан олинадиган фойда солиғини ҳисоблаб чиқишда чегириб қолиниши лозим. |
Жисмоний шахс |
Солиққа тортиладиган даромадлар ички туристик йўлланмаларни туризм соҳасида фаолият кўрсатиш бўйича лицензияга эга бўлган субъектлардан сотиб олишга йўналтирилган харажатлар суммасига камайтирилади.
Туристик йўлланма (айирбошланадиган ваучер), авиа ва темир йўл чипталари, автотранспорт ташкилотларининг ҳисоб-фактуралари (чипталари) ва жойлаштириш воситалари чеклари тасдиқловчи хужжатлар ҳисобланади. |
Туристик фаолият субъектлари |
Солиқ солинадиган база Ўзбекистон туризм бренди ва ''Uzbekistan.travel" сайти рекламаси бўлган босма маҳсулотларни (хариталар, рисолалар, буклетлар, флайерлар ва бошқалар), сувенир ва қадоқлаш маҳсулотларини (сумкалар, пакетлар, мактаб дафтарлари, ёрлиқлар, ғилофлар, кийим-кечаклардаги ва ошхона анжомларидаги ёзувлар) тайёрлаш ва чоп этишга йўналтириладиган харажатлар суммасига камайтирилади. |
Тижорат банклари Ўзбекистон фуқароларига туризм соҳасида фаолият кўрсатиш бўйича лицензияга эга бўлган субъектлардан ички туристик турларни сотиб олиш учун кредитни иш ҳақи ҳисобидан қоплаш имконияти билан 10 млн сўмгача истеъмол кредитлари ажратади.
Фойдаланилмаётган ерлар – инвесторларга туризм соҳасидаги лойиҳалар учун
Туризмни ривожлантириш учун юқори салоҳиятга эга туман ва шаҳарларда жойлашган ҳамда асосан муҳандислик коммуникациялар билан таъминланган фойдаланилмаётган ер участкалари 3 ой муддатда хатловдан ўтказилади ҳамда ажратилади. Бундай туманлар (шаҳарлар) рўйхати қарор билан тасдиқланди.
Кейинчалик бу ерлар ҳар бир ҳудудда умумий майдони камида 20 гектар бўлган 20 та ер участкаси ҳисобидан келиб чикиб, туризм соҳасидаги лойиҳаларни (меҳмонхоналар, меҳмонхона уйлари, кемпинглар, мотеллар ва бошқа жойлаштириш воситалари, тематик хиёбонлар, музейлар, галереялар ва бошқа иншоотлар қуриш) амалга ошириш мақсадида тадбиркорлик субъектлари ҳамда потенциал инвесторларга тақдим этилади.
Туристик инфратузилма объектларини сақлаш соҳасида солиқ имтиёзлари
Бир ой муддатда хўжалик юритувчи субъектлар учун солиқ солинадиган базани камайтириш тартиби тасдиқланади (қуйидаги жадвалга қаранг).
Солиқ солинадиган база камайтириладиган харажатлар суммаси |
Харажатлар тури |
100 млн сўмгача |
2020 йилнинг 1 январига қадар замонавий санитария-гигиена тармоқларини қайта тиклаш, капитал таъмирлаш ва қуришга йўналтирилган харажатлар |
12 млн сўмгача |
Ҳар йили 2025 йилнинг 1 январига қадар қуйидагиларни сақлашга йўналтириладиган харажатлар: 1) санитария-гигиена тармоқларини (фаррошлар иш ҳақи, гигиена, тозалаш ва ювиш воситаларини сотиб олиш, коммунал харажатларни тўлаш); 2) туризм инфратузилмаси объектлари: тарихий ва меъморий ёдгорликлар, музейлар, театрлар, маданият уйлари, умумий овқатланиш пунктлари, хизмат кўрсатиш объектлари, автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари, автомобиллар учун вақтинча тўхташ жойлари, йўлбўйи инфратузилмасининг сервис хизматлар кўрсатиладиган ҳудудлари, бозорлар, расталар, дўконлар ва одамлар гавжум бўладиган бошқа жойларни. |
Замонавий санитария-гигиена тармоқларини яратиш лойиҳаларини амалга оширадиган тадбиркорлик субъектлари ва потенциал инвесторларга шаҳарлар ва туманларнинг тегишли қисмларида реклама ва ихчам савдо нуқталари учун жойлар тақдим этилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида расман эълон қилинган ва 8.02.2018 йилдан кучга кирган.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни, шарҳлар ва у билан боғлиқ бошқа қонун ҳужжатларига ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Ленара Хикматова.