Президент томонидан 19.03.2025 йилдаги "Умуммиллий тотувлик ва хориждаги ватандошлар билан алоқаларни мустаҳкамлашни янги босқичга олиб чиқишга оид чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПФ-52-сон Фармон ва 19.03.2025 йилдаги "Ўзбекистон Республикаси Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмитаси фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-115-сон қарор имзоланди.
Фармон билан жамиятда умуммиллий тотувликни ва хориждаги ватандошлар билан алоқаларни мустаҳкамлашнинг қуйидаги устувор вазифалари белгиланди:
- миллатлараро муносабатларни уйғунлаштириш, жамиятда дўстлик, ўзаро бирдамлик, бағрикенглик ва бирликни мустаҳкамлаш орқали ягона фуқаролик ўзлигини шакллантириш;
- Ўзбекистонда яшаётган барча миллат ва элатларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш орқали уларнинг умуммиллий ривожланишда иштирокини кучайтириш;хориждаги ватандошлар жамоалари ва ўзбек диаспораларининг миллий ўзлигини сақлаб қолишга кўмаклашиш;
- хорижий давлатлар билан ижтимоий-маданий, дўстона алоқаларни ва Ўзбекистоннинг ижобий имижини мустаҳкамлаш.
Маданият вазирлиги ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси негизида Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмита ташкил этилди.
Қўмита бевосита Президент Администрациясига ва Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот беради.
Президент Қарори билан қуйидагилар тасдиқланди:
- Ўзбекистон Республикаси Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмитаси тўғрисидаги низом;
- Мамлакатимизда умуммиллий тотувлик ва хориждаги ватандошлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича "йўл харита"си.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузуридаги Миллатлараро тотувлик, бағрикенглик ва ҳамжиҳатликни таъминлаш бўйича жамоатчилик кенгашлари Умуммиллий бирдамлик ва ҳамжиҳатликни таъминлаш бўйича жамоатчилик кенгашлари деб қайта номланди.
Ҳар йили қуйидагилар ўтказилади:
- мамлакатимизда турли миллат ва элат вакилларининг тенглиги, бирлигини, уларнинг Янги Ўзбекистон ривожига қўшган ҳиссасини намойиш этувчи "Ўзбекистон – ягона Ватан!" шиори остидаги форум;
- хориждаги ватандошларнинг "Uz Global Think" форуми.
Ҳужжатлар Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 21.03.2025 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова