Хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарни рўйхатдан ўтказганлик учун янги давлат божи ставкалари режалаштирилганидан кўра кўпроқ камайтирилди (ВМнинг 27.11.2018 йилдаги 963-сон қарори).
Эслатиб ўтамиз, илгари Адлия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ва Давлат рақобат қўмитасининг чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарни давлат рўйхатидан ўтказиш учун давлат божи миқдорини 3 бараварга камайтириш ҳақидаги таклифи маъқулланган эди (Президентнинг 1.08.2018 йилдаги ПФ–5495-сон Фармони 6-бандига қаранг).
Қабул қилинган ҳужжат билан мазкур таклиф қонунчиликка узил-кесил татбиқ этилди. Давлат божи миқдори режалаштирилганидан кўра кўпроқ, 32 ЭКИҲдан 10 ЭКИҲгача ёки 3,2 бараварга камайтирилди. Илгаригидек, онлайн рўйхатдан ўтганда ставка икки баравар камайтирилади ва атиги 5 ЭКИҲни ташкил этади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 28.11.2018 йилдан кучга кирди.
Самир Латипов.