Бундай имтиёз Президентнинг 2.02.2018 йилдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида назарда тутилган. Ҳужжат матни ЎзАда жойлаштирилган.
2018 йил 1 мартдан бошлаб Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, “Оила” маркази ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари бошқарув ходимлари таркибига кирувчи пенсионерларга, уларнинг бу ташкилотлардаги фаолияти ягона бўлган тақдирда, пенсиялари тўлиқ тўланади.
Шу тариқа, мазкур ходимлар 100% пенсия олиши учун 2 та шарт жорий этилди:
1) Бошқарув ходимларига тааллуқлилиги. Бу, хусусан, Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификатори (4.10.2017 йилдаги 795-сон ВМҚ) бўйича белгиланиши мумкин;
2) Мазкур ташкилотларда иш ҳақи ва мулкий даромадлардан (ижара тўловлари, омонатлар бўйича фоизлар ва ҳ.к.) ташқари пенсионерлар бошқа даромад олишлари мумкин эмас. Яъни меҳнат ёки фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар[1] бўйича ишламаслиги ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмаслиги лозим.
Тўлиқ пенсия олиш ҳуқуқига эга ишловчи пенсионерларнинг бошқа тоифалари билан Ишловчи пенсионерларга пенсия тўлаш тартиби тўғрисидаги низомда ҳамда бизнинг шарҳимизда танишиш мумкин.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни, шарҳлар ва у билан боғлиқ бошқа қонун ҳужжатларига ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
[1] Ёшга доир пенсиянинг энг кам миқдоридан кам пенсия олинган тақдирда фуқаролик-ҳуқуқий шартнома қисмида мазкур чеклов олиб ташланади.