Вазирлар Маҳкамасининг 27.01.2018 йилдаги 62-сон қарори замонавий, ресурсларни тежайдиган технологияларни қўллаган ҳолда аччиқ қалампирни етиштириш, йиғиштириб олиш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишни назарда тутади.
Қалампирни Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Қашқадарё, Наманган, Фарғона ва Хоразм вилоятларида етиштириш режалаштирилаётир.
«Ўзбекозиқовқатхолдинг» ХКнинг ҳудудий «Қалампир» МЧЖлари ташкил этилади
Уларнинг фаолияти қуйидагиларга йўналтирилади:
- замонавий кўчатхоналарни ташкил этиш;
- фермер, деҳқон ва томорқа хўжаликларини аччиқ қалампир етиштириш учун шартнома асосида моддий-техника ресурслари билан, улардан қалампирни фьючерс шартномаларига (келажакда ижро этиш мажбурияти билан тузиладиган битим) асосан харид қилишни таъминлаш;
- агротехника тадбирлари ўз вақтида ўтказилишини ташкил этиш;
- етиштирилган аччиқ қалампирни қайта ишлаш ва экспорт килиш.
Тадбиркорларга – имтиёзли кредитлар
«Агробанк» АТБ қалампир етиштирувчи тадбиркорлик субъектларига қалампир уруғларини харид қилиш, экиш, кўчат ва маҳсулот етиштириш, иссиқхоналар қуриш, моддий-техника ресурсларини сотиб олиш, агротехника тадбирларини амалга ошириш учун имтиёзли кредитлар ажратади. Кредитлашнинг аниқ шартлари (кредит тақдим этиладиган муддат; имтиёзли давр; фоиз ставкаси; таъминот шакли ва ҳ.к.) ҳали белгиланмаган.
Шунингдек банк иш ҳақи тўловлари учун уларга нақд пул ўз вақтида ажратилишини таъминлайди.
Тавсиялар ишлаб чиқилади, семинарлар ўтказилади
Тавсиялар ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитларидан келиб чиқиб ишлаб чиқилади ва фермер, деҳқон хўжаликлари бошлиқлари ва томорқа ер эгаларига етказилади. Улар учун ўқув семинарлари ўтказиш 2018 йил февраль-март ойларига режалаштирилган.
Хориждан жалб этиладиган мутахассисларга – визалар бепул
Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги буюртмаси бўйича аччиқ қалампир етиштириш соҳасига хориждан жалб этиладиган мутахассисларга кириш визалари консуллик ва бошқа йиғимларсиз расмийлаштирилади.
Ушбу ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида расман эълон қилинган ва 29.01.2018 йилда кучга кирди.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни, шарҳлар ва у билан боғлиқ бошқа қонун ҳужжатларига ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Ленара Хикматова.