Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Ўзбекистонда бухгалтерия ҳисоби тизимини халқаро стандартларга мувофиқ ривожлантириш истиқболлари ТИФ шартномалари бўйича бажарилган ишлар далолатномасини қандай ҳужжат билан алмаштириш мумкин Устав фондига ҳисса сифатида келиб тушган номоддий активлар қандай ҳисобга олинади

Ҳукумат Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш концепциясини тасдиқлади

01.03.2018

 

Вазирлар Маҳкамасининг 23.02.2018 йилдаги 140-сон қарори билан Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш концепцияси, шунингдек уни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар Дастури тасдиқланди.

 

Концепция ёшларга оид давлат сиёсатининг устувор йўналишлари ва асосий принциплари асосида ишлаб чиқилган бўлиб, ҳозирги мураккаб глобаллашув даврида, ахборот-коммуникация технологиялари шиддат билан ривожланиб бораётган шароитдаги долзарб вазифаларни белгилаб беради. Концепция – яхлит таълим-тарбия тизимининг ажралмас қисми бўлиб, унда Ўзбекистон ҳаётидаги реал ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар билан уйғун алоқа ўрнатишга алоҳида эътибор қаратилади.

 

Она Ватанимизни асраш ва шуҳратини дунёга тараннум этиш, унга бўлган садоқат, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилишда ўз фуқаролик бурчи ва конституцион мажбуриятларини бажаришга тайёрлик сингари энг муҳим тушунчалар ва ватанпарварлик туйғусини ёшларнинг қалби ва онгида илк болалик давридан бошлаб шакллантириш ҳужжатнинг асосий мазмунини ташкил этади.

 

Қуйидагилар Концепциянинг асосий вазифалари ҳисобланади:

  • ёшларни миллий ғоя ва Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, уларнинг қалби ва онгига Ватан ҳимояси шарафли ва муқаддас бурч эканини чуқур сингдириш;
  • қадимий тарихимиз ва маданиятимиз, жонажон Ватанимизнинг мустақиллиги ва равнақи йўлида фидокорона курашган миллий қаҳрамонларимиз билан фахрланиш, уларга муносиб бўлиш туйғусини шакллантириш, миллий армиямизнинг қудрати ва салоҳиятига бўлган ишончни кучайтириш;
  • миллий армиямизга жисмонан бақувват ва маънан етук ёшлар зарурлиги, ҳарбий хизмат ҳар бир Ўзбекистон фуқароси учун муқаддас бурч экани ҳақидаги тушунчани ҳамда бу борадаги назарий-амалий кўникмаларни мустаҳкамлаш;
  • ёшларда ён-атрофимиз ва жаҳонда рўй бераётган сиёсий-ижтимоий жараёнларга миллий манфаатларимиздан келиб чиққан ҳолда ёндашиш кўникмаларини, турли ички ва ташқи таҳдидларга қарши мафкуравий иммунитетни шакллантириш;
  • ҳар қандай мураккаб вазиятларда тезкор ва мустақил қарор қабул қилиш, замонавий ҳарбий-техника воситаларидан самарали фойдаланиш малакасига эга ёшларни тарбиялаш;
  • Ўзбекистон манфаатларини нафақат ҳарбий соҳада, балки ҳаётнинг барча жабҳаларида ҳимоя қилишга тайёр туриш, юрт учун фидойи бўлиш – бу бугунги кун талаби эканини ҳаётий мисоллар ва таъсирчан воситалар орқали ёшлар онгига сингдириб бориш.

 

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, шунингдек бошқа давлат ва нодавлат органлари Концепция амалга оширилиши учун масъул этиб белгиланди. Ушбу соҳадаги барча ишларни мувофиқлаштириш Мудофаа вазирлиги зиммасига юкланди, у бошқа давлат ва нодавлат ташкилотларининг Концепцияни ўз вақтида ва сифатли амалга оширишлари устидан назорат қилади, шунингдек ҳар чоракда Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот тақдим этади.

 

Концепцияда ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш тизими, принциплари, усул ва шакллари, босқич ва йўналишлари, самарадорлигини баҳолаш тартиби ҳам белгиланган.

 

Концепцияни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар дастурида 2020 йилгача бўлган даврда амалга оширилиши режалаштирилган турли хилдаги 20 га яқин йўналиш ва чора-тадбирлар назарда тутилган. Ушбу чора-тадбирларни бажариш учун масъуллар сирасига бир қатор ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва бошқа давлат органлари, таълим тизими идоралари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва нодавлат ташкилотлари киради.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 23.02.2018 йилдан кучга кирди. 

 

Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни, шарҳлар ва у билан боғлиқ бошқа қонун ҳужжатларига ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.

 

 

Анвар Иркахўжаев.



 

Валюталар курси

2024-09-23
  • USD:12729.83 (+0.00) сум
  • EUR:14207.76 (+0.00) сум
  • RUB:137.46 (+0.00) сум