Вазирлар Маҳкамасининг 7.03.2018 йилдаги 186-сон қарори билан айрим қонун ҳужжатларига ҳунармандларни қўллаб-қувватлашга доир тузатишлар киритилди.
Эслатиб ўтамиз, Президентнинг 17.11.2017 йилдаги ПФ–5242-сон Фармони билан ҳунармандларга турли имтиёз ва преференциялар тақдим этилган, хусусан уларнинг давлат мулкини соддалаштирилган тартибда хусусийлаштириш чора-тадбирлари назарда тутилган.
Қабул қилинган ҳужжатда ҳунармандларнинг давлат объектларини сотиб олиши, шунингдек «ноль» харид қиймати бўйича сотиб олишининг аниқ тартиби белгиланган. Вазирлар Маҳкамасининг 6.10.2014 йилдаги «Давлат мулки объектларини хусусийлаштириш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида»ги 279-сон қарорига тегишли қўшимчалар киритилди.
Шундай қилиб, ҳунарманд камида 5 йил мобайнида фақат ҳунармандчилик фаолиятини амалга ошириш учун тўғридан-тўғри олди-сотди шартномаси бўйича давлат кўчмас мулк объектини сотиб олиши мумкин. Бунинг учун унинг буюртманомаси ва «Ҳунарманд» уюшмасининг илтимосномаси зарур. Бунда объектни сотувга қўйиш тўғрисидаги эълон ОАВда берилиши мобайнида у ҳунармандга сотилиши мумкин. Бир нечта ҳунармандлар объектга эга бўлиш истагини билдирган тақдирда, бу объект ушбу ҳунармандлар иштирокидаги очиқ савдолар орқали сотилади.
Объектни хусусийлаштириш тўғрисидаги ариза бўлмаса ёки ҳунарманд олди-сотди шартномасини тузишни рад этса, ушбу объект танлов ўтказиш йўли билан сотилади.
Давлат мулки объектлари тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш орқали худди шундай тартибда «ноль» харид қиймати бўйича ҳунармандларга сотилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида расман эълон қилинган ва 9.03.2018 йилдан кучга кирди.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни, шарҳлар ва у билан боғлиқ бошқа қонун ҳужжатларига ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Ленара Хикматова.