Вазирлар Маҳкамасининг 02.12.2021 йилдаги 727-сон қарори билан 1975 йилдаги Юкларни халқаро йўлларда ташиш дафтарчасини қўллаган ҳолда юкларни халқаро ташиш тўғрисидаги Божхона конвенциясини қўллаш ҳақидаги низом тасдиқланди. Ҳужжат эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.
Ўзбекистон Олий Мажлиснинг 31.08.1995 йилдаги 131-I-сон қарорига мувофиқ 1975 йилдаги Юкларни халқаро йўлларда ташиш дафтарчасини қўллаган ҳолда юкларни халқаро ташиш тўғрисидаги Божхона конвенциясига қўшилган.
Низомда қуйидагилар назарда тутилган:
- халқаро йўлларда ташиш тартиб-таомилларини қўллаш шартлари;
- товарлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилганда ва ундан олиб чиқилганда божхона расмийлаштируви тартиби;
- Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали транзит ташишларни амалга оширишда божхона расмийлаштируви тартиби;
- ХЙТ дафтарчасини расмийлаштириш ва ундан фойдаланиш қоидалари;
- кафолат уюшмаси билан ўзаро ҳамкорлик қилиш тартиби.
Кафолат уюшмаси - ХЙТ конвенцияси ва Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатларига кўра ХЙТ дафтарчасидан фойдаланувчи шахсларга кафиллиги тан олинган уюшма (Ўзбекистон халқаро автомобилда ташувчилар уюшмаси - ХАТУ).
«ХЙТ операцияси» тушунчаси Конвенцияда белгиланган ХЙТ тартиб-таомилларига риоя этилган ҳолда жўнатувчи божхона органидан манзилдаги божхона органига юкларни ташишни англатади.
ХЙТ дафтарчаси – жўнатиш жойидан манзилдаги жойгача юкларни кузатиб борадиган, Конвенцияга асосан давлат божхона хизмати органлари ва ХЙТ дафтарчасидан фойдаланувчилар томонидан қўлланиладиган халқаро божхона ҳужжати.
ХЙТ тартиб-таомиллари асосида ташиладиган товарлар оралиқ божхона органларида олиб кириш ёки олиб чиқиш учун бож ва солиқларни тўлаш ёхуд депозитга қўйишдан озод этилади, қоидага кўра, юклар оралиқ божхона органларида божхона кўригидан ўтказилмайди.
Божхона органлари томонидан суиистеъмолликларнинг олдини олиш мақсадида қуйидаги ҳолларда, истисно тариқасида, божхона кўриги ўтказилади:
- божхона органларига бошқа органлар ёки давлат бошқаруви органларидан тушган материаллар, шунингдек хорижий давлатлар божхона ва бошқа давлат органлари ҳамда халқаро ташкилотлардан олинган маълумотлар мавжуд бўлганда;
- божхона тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талаблари бузилганлиги аломатлари мавжуд бўлганда;
- божхона кўригини ўтказиш хавфни бошқариш автоматлаштирилган тизими томонидан талаб этилганда.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 4.03.2022 йилдан кучга киради.
Лола Абдуазимова.