Президентнинг 24.10.2023 йилдаги «Ичимлик сув таъминоти ва оқова сув тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-343-сон қарори қабул қилинди.
Қуйидагилар ичимлик сув таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш соҳасини босқичма-босқич ислоҳ қилишнинг устувор вазифалари этиб белгиланди:
- ичимлик сувни ҳисобга олишнинг самарали тизимини жорий этиш, сув ҳисоблагичларни тўлиқ ўрнатиш ва йўқотишларни камайтириш, соҳани рақамлаштириш, узлуксиз, сифатли ва хавфсиз хизмат кўрсатилишини таъминлаш;
- тизимдаги ташкилотлар молиявий ва иқтисодий функцияларини мустақил бажаришини кўзда тутган ҳолда корпоратив бошқарув тизимини тубдан яхшилаш;
- ичимлик сувни тарқатиш жараёнларида давлат-хусусий шериклик тамойилларини кенг жорий қилиш ва соҳага хусусий инвестицияларни жалб қилиш ва бошқалар.
«Ўзсувтаъминот» АЖ ва унинг таркибидаги корхоналар негизида 2024 йил 1 апрелга қадар алоҳида йўналишлар бўйича қуйидаги акциядорлик жамиятлари ташкил этилади:
- ичимлик сувни ишлаб чиқариш ва магистрал тармоқлар орқали сув етказиб бериш ҳамда сувни ишлаб чиқариш ва магистрал тармоқлар билан боғлиқ бўлган сув объектларини ривожлантириш, шунингдек, эксплуатация қилишни таъминлаш бўйича акциядорлик жамияти шаклида – ҳудудий магистрал сув таъминоти ташкилотлари;
- ичимлик сув тармоқлари орқали ва (ёки) транспортда истеъмолчиларга сув етказиб бериш, оқова сувларни чиқариб юбориш бўйича хизматлар кўрсатиш, тегишли тармоқларни ҳамда оқова сув тизимларини ривожлантириш ва эксплуатация қилиш бўйича акциядорлик жамияти шаклида – Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ҳудудий ичимлик сув таъминоти ташкилотлари.
2024 йил 1 январдан бошлаб:
- ичимлик сув таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш бўйича хизматлар учун тарифлар маҳсулот таннархига киритилган харажатлар, жорий харажатлар, тизим объектларини ривожлантириш ва модернизация қилиш харажатлари, молиявий харажатлар, солиқлар (сувнинг технологик жиҳатдан нормативдан юқори даражада сарфланганлиги ва йўқотилганлиги учун солиқлардан ташқари) ва бошқа мажбурий тўловлар, шунингдек, “Ўзсувтаъминот” АЖнинг сақлаш харажатларидан келиб чиққан ҳолда шакллантирилади;
- янги қуриладиган ичимлик ва оқова сув йўналишидаги объектлар ва тизимларни лойиҳалаштиришда тегишли ҳудуднинг тўлиқ қамров даражасини инобатга олиш талаби ўрнатилади.
2024 йил 1 июлдан бошлаб тажриба тариқасида Когон, Ширин, Янгиер, Бекобод ва Янгийўл шаҳарларида ичимлик ва оқова сув таъминоти тизимлари давлат-хусусий шериклик шартлари асосида хусусий секторга берилади.
Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:
- Ичимлик сув таъминоти ва оқова сув тизимини такомиллаштириш бўйича «йўл харитаси»;
- «Ўзсувтаъминот» АЖ таркибига кирувчи айрим хўжалик жамиятлари вa корхоналарни қайта ташкил этиш механизмлари;
- Республикадаги ичимлик сув таъминоти оғир бўлган маҳаллаларнинг 2024-2026 йилларда ичимлик сув таъминотини яхшилаш дастури;
- 2024-2026 йилларда республика ҳудудларида ичимлик сув тармоқларини уй хўжалигигача етказиш бўйича чора-тадбирлар дастури;
- 2024-2026 йилларда давлат ижтимоий буюртмаларини бериш орқали ичимлик сув таъминоти йўлга қўйиладиган аҳоли яшаш пунктлари рўйхати;
- 2024-2026 йилларда истеъмолчиларга ичимлик сув учун ҳисоблагичларни ўрнатиш режа-жадвали;
- 2024 йилда «Ўзсувтаъминот» АЖ тизим корхоналари объектларида қуёш панелларини ўрнатиш режа-жадвали ва бошқалар.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 31.10.2023 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.