Идишда қадоқланган ичимлик сувининг хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламент тасдиқланди (10.10.2019 йилдаги 861-сон ВМҚга қаранг). Ҳужжат бир ярим йилдан кейин кучга киради.
Техник регламентда қуйидагилар белгиланган:
- техник жиҳатдан тартибга солинадиган объектлар, уларнинг рўйхати ва тавсифи – уларга табиий маъданли сувлар (ичимлик, шифобахш, шифобахш-ичимлик сувлари, табиий газланган сувлар), қайта ишланган ва табиий ичимлик сувлари, болалар овқати учун сувлар;
- техник жиҳатдан тартибга солинадиган объектларнинг хавфсизлик талаблари;
- техник регламентни қўллаш мақсадида техник жиҳатдан тартибга солинадиган объектларни идентификациялаш қоидалари;
- ичимлик суви атамасига, қадоғига, маркировкасига қўйиладиган талаблар, шу жумладан истеъмолчиларга тақдим этиладиган ушбу маҳсулотларнинг қадоғида ва кузатув ҳужжатларида номи, таркиби ва истеъмол хоссалари тўғрисидаги маълумотларга нисбатан талаблар.
Табиий маъданли сувлар тасдиқланган кимёвий ва микробиологик хавфсизлик кўрсаткичларига, ичимлик суви эса (қайта ишланган, табиий ва болалар овқати учун сувлар) – органолептик кўрсаткичлар, туз ва газ таркиби, токсинлилиги, органик ифлосланиш ва бошқа бир қатор компонентлар бўйича чекланган рухсат этилган миқдорга мувофиқ келиши лозим.
Сувнинг қадоғи ва маркировкасига нисбатан Ичимлик сув қадоқланадиган идишнинг хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламент ҳамда Истеъмол маҳсулотининг маркировка борасидаги хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламентнинг долзарб ва релевант талаблари қўлланилади.
Ичимлик суви мувофиқлик сертификати мавжуд бўлганда ҳамда сертификат билан тасдиқланган миллий мувофиқлик белгиси остида маркировкаланганда ички бозорда муомалага чиқарилади. Шу боис, регламент кучга кирганда, тадбиркорлик субъектлари сертификатлаш тартиб-таомилидан ўтиш (санитария-эпидемиология хулосасини олиш) учун маҳсулот намуналарини тайёрлаб қўйишлари лозим. Сертификат 3 иш куни давомида берилади.
«Ўзстандарт» агентлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бошқа ваколатли давлат органлари ўз ваколатлари доирасида янги техник регламентга риоя этилиши устидан назоратни амалга оширадилар.
Регламент амал қилишни бошлаши билан стандартлаштириш бўйича илгари қабул қилинган ҳужжатлар мажбурийлик хусусиятини йўқотади ва ихтиёрий равишда қўлланилади. Техник регламент кучга киргунига қадар ичимлик сувига олинган санитария-эпидемиология хулосалари ва мувофиқлик сертификатларининг амал қилиши уларда кўрсатилган муддатгача давом этади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 12.04.2021 йилдан кучга киради.
Олег Заманов.