Вазирлар Маҳкамасининг 3.05.2018 йилдаги 334-сон қарори билан Ижтимоий дорихона фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Эслатиб ўтамиз, аввал мазкур ҳужжат лойиҳаси шарҳини эълон қилган эдик. Масаланинг тарихи ва мазмуни билан ҳавола орқали ўтиб танишишингиз мумкин.
Лойиҳа билан солиштирганда ижтимоий дорихона жойлашиш жойини белгилаш тартиби ўзгармаган. Фақат қишлоқ жойларда тавсия этиладиган хизмат кўрсатиш радиуси қисқартирилган. У 5–10 км ни ташкил этган (лойиҳада – 10–15 км). Шаҳарларда бу кўрсаткич 2–3 км ни ташкил этади.
Ижтимоий дорихоналар ишига қўйиладиган асосий талабларга тузатиш киритилган. Хусусан, ижтимоий дорихонанинг қуйидаги мажбуриятлари қайд этилган:
а) Ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббий буюмлар рўйхатига киритилган номланишларнинг 2 ойлик захирасига эга бўлиш ҳамда уларни чекланган нархлардан ошмайдиган нархларда бериш;
б) айрим тоифадаги шахсларни дори воситалари билан имтиёзли асосда таъминлаш (масалан, амбулатор даволашда);
в) қолган («а» ва «б» бандларда кўрсатилмаган) позициялар бўйича давлат-хусусий шериклик шартларига мувофиқ чекланган савдо устамаларини қўллаш (бу ерга қаранг).
Ижтимоий дорихонани ташкил этиш учун номзод – хусусий шерикни танлаш мезонлари ўзгармади. Номзод танловда иштирок этиш учун Соғлиқни сақлаш вазирлигининг расмий сайтига ўз аризасини жойлаштириши лозим. У вазирликнинг махсус комиссияси томонидан 10 иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатда кўриб чиқилади. Номзод йиғилишда қатнашиш ҳуқуқига эга. Қабул қилинган қарор тўғрисида уни 3 кун (лойиҳа бўйича – 5 иш куни) ичида хабардор қиладилар.
Шунингдек Давлат-хусусий шериклик тўғрисида намунавий шартнома тасдиқланди. У танловдан ўтган номзод (хусусий шерик) билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги (давлат томонидан шерик) ўртасида тузилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 4.05.2018 йилдан кучга кирди.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни, шарҳлар ва у билан боғлиқ бошқа қонун ҳужжатларига ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Олег Заманов.