Президент томонидан 25.05.2022 йилдаги “Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини манзилли қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор имзоланди. Ҳужжат ЎзАда эълон қилинган.
Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини, жумладан, кам таъминланган болали оилаларни аниқ йўналтирилган тарзда давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларнинг моддий фаровонлик даражасини ошириш, инсонпарварлик, меҳр-оқибат, саховат тадбирларини изчил давом эттириш мақсадида:
қуйидагиларга бир марталик моддий ёрдам кўрсатиш назарда тутилган:
а) ёшга доир, ногиронлик пенсияси ва нафақасини олувчиларга, болаликдан ногиронлик нафақасини ҳамда боқувчисини йўқотганлик пенсиясини ва нафақасини олувчи ҳар бир оила аъзосига ҳамда ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларнинг парваришлаш нафақасини олувчиларга:
- Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда – 300 минг сўмдан;
-Тошкент шаҳрида – 400 минг сўмдан.
б) “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали кам таъминланган сифатида моддий ёрдам олувчи оилаларга ҳамда кам таъминланган сифатида болалар нафақасини олувчи оилаларнинг ҳар бир 18 ёшга тўлмаган боласига – 200 минг сўмдан.
Бир нечта тоифа бўйича бир марталик моддий ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга бир марталик моддий ёрдам ҳар бир тоифа бўйича тўлаб берилади.
Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Марказий банк ва тижорат банкларига бир марталик моддий ёрдам тўловларининг икки ҳафта муддатда тўлиқ тўланишини таъминлаш топширилди.
Белгиланишича, уйида вақтинча бўлмаганлиги ёки бошқа сабабларга кўра бир марталик моддий ёрдам пулларини ўз вақтида ололмаган фуқаролар тўланмаган моддий ёрдам пулларини 2022 йил 1 сентябрга қадар олиш ҳуқуқига эга.
Лола Абдуазимова.