Ўзбекистон Республикасида ўхшаши ишлаб чиқарилмайдиган четдан олиб кириладиган технологик асбоб-ускуналарга божхона божи ва ҚҚС бўйича имтиёзлар бериш механизми жорий этилади (27.11.2020 йилдаги 750-сон ВМҚга қаранг).
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикасида ўхшаши ишлаб чиқарилмайдиган четдан олиб кириладиган технологик асбоб-ускуналар қуйидагиларни тўлашдан озод этилади:
- божхона божини тўлашдан. Шунингдек имтиёз бутловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмлар, агар уларни етказиб бериш контракти (шартномаси, келишуви) шартларида уларни етказиб бериш назарда тутилган бўлса татбиқ этилади. Олиб кирилган технологик асбоб-ускуналар олиб кирилган пайтдан эътиборан 3 йил мобайнида экспортга реализация қилинган ёки текин берилган тақдирда, мазкур имтиёзнинг амал қилиши божхона божларини тўлаш мажбуриятлари тикланган ҳолда бекор қилинади (БК 297-м. 2-қ. 13-б.);
- қўшилган қиймат солиғидан (СК 246-м. 6-б.).
Ушбу имтиёзлар тегишли рўйхатга киритилган асбоб-ускуналарга нисбатан қўлланилади. Буни инобатга олган ҳолда, Ҳукумат томонидан:
биринчидан, амалдаги рўйхатни қайта кўриб чиқиш ва 2021 йил 1 январга қадар янгидан шакллантирилган рўйхатни тасдиқлаш учун киритиш вазифаси топширилди. Бунда:
- 2017-2019 йилларда импорт қилинган технологик асбоб-ускуналарнинг номенклатурасини ва уларнинг ўхшаши республикада ишлаб чиқарилиши мавжудлигини ўрганиш натижалари асосида янги рўйхат шакллантирилади;
- янгиланган рўйхатда асбоб-ускуналарнинг 10 та рақамдан иборат ТИФ ТН коди ва асосий параметрлари кўрсатилади (ҳозирда айрим позициялар бўйича 4, 6 ва 9 та рақамли кодлар кўрсатилган, таҳр. изоҳи);
иккинчидан, рўйхатга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тартиби белгиланди. У қуйидагилардан иборат:
- Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази ўхшаш технологик асбоб-ускунанинг ишлаб чиқарилиши республикада мавжудлиги/мавжуд эмаслиги тўғрисидаги хулоса бериш мақсадида ариза берувчининг мурожаатига асосан экспертиза ўтказади. Экспертиза бир ой муддатда бепул ўтказилади;
- Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Марказнинг ўтказилган экспертиза якунлари бўйича ва зарурат бўлганда, бироқ ҳар чоракда камида бир марта умумлаштирилган маълумотларни Молия вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, ДБҚ, Монополияга қарши курашиш қўмитаси, ССП ва «Ўзстандарт» агентлигига кўриб чиқиш учун юборади. Улар томонидан маълумотларни кўриб чиқиш муддати 10 календарь кундан ошиб кетмаслиги лозим;
- келишиш натижалари бўйича киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар тегишли қарор лойиҳаси сифатида расмийлаштирилади ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги томонидан Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилади.
Бу – муҳим! Энди имтиёзлар янги технологик асбоб-ускуналарга қўлланилади ҳамда битта контрактга (шартномага) мувофиқ мазкур технологик асбоб-ускуналар билан бирга уларнинг ажралмас қисми сифатида етказиб берилган бутловчи ва эҳтиёт қисмларга татбиқ қилинади. Бунда:
а) технологик асбоб-ускуна деганда товарлар, ишлар, хизматларни ишлаб чиқариш технологик жараёнида бевосита фойдаланиладиган машиналар, аппаратлар, қурилмалар, механизмлар тушунилади;
б) «эркин муомалага чиқариш» божхона режимида божхона расмийлаштируви вақтида ишлаб чиқарилган йили 3 йилдан кўп бўлмаган технологик ускуна янги ҳисобланади;
в) божхона расмийлаштируви вақтида ишлаб чиқарилган йилини тасдиқлаш учун қуйидаги ҳужжатлардан бири тақдим этилади:
- ишлаб чиқарилган йилини тасдиқловчи ишлаб чиқарувчи заводнинг техник паспорти;
- ишлаб чиқарувчининг асбоб-ускуналар у томонидан ишлаб чиқарилганлиги, жумладан ишлаб чиқарилган йили тўғрисидаги тегишли маълумотларни ўз ичига олган бошқа ҳужжати.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 28.11.2020 йилдан кучга кирди.
Олег Заманов.