Маҳаллий олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш механизмига тузатиш киритилди. Бакалавриат, магистратура ва сиртқи таълим шаклига қабул қилиш тартибига ўзгартиришлар киритилди (ВМнинг 27.04.2019 йилдаги 360-сон қарори).
Бакалавриат
Биринчидан, мактаб, коллеж ёки лицейда турк тилини (инглиз, немис ва француз тиллари ўқитилмаган ҳолда) чет тили сифатида ўқиган абитуриентлар мазкур тилдан кўп балли баҳо тизими бўйича имтиҳон топширадилар. Айни пайтда ушбу қоида испан, араб, форс, хитой, корейс, уйғур, итальян, япон, шунингдек дари, ҳинд, урду тилларига нисбатан амал қилади. Қолган фанлар бўйича эса, бошқа абитуриентлар сингари, тест синовларидан ўтадилар.
Абитуриент турк тили билан биргаликда инглиз, немис ва француз тилларига ҳам ўқитилган ҳолда (ушбу фанлар диплом иловасида (аттестатида) мавжуд бўлганда) ўз танловига кўра улардан бирини тест шаклида ёки турк тилидан кўп балли баҳо тизими бўйича имтиҳон топширади. Бунинг учун тегишли ариза бериш зарур.
Иккинчидан, ўқишга қабул чоғида топширилиши шарт бўлган ҳужжатлар рўйхатидан 086-У шакл бўйича тиббий маълумотнома чиқариб ташланди.
Учинчидан, қуйидагилар олий таълим муассасаларига танловдан ташқари синовларсиз қўшимча «бюджет» ўринларига қабул қилинадиган абитуриентлар рўйхатига киритилди:
- Наманган вилояти Тўрақўрғон туманидаги Исҳоқхон Ибрат номидаги хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаб-интернатнинг бутун ўқиш даврини аъло баҳоларга ўқиган битирувчилари – Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг тавсиясига асосан бакалавриатнинг хорижий тил ва адабиёт, филология ва тилларни ўқитиш таълим йўналишларига;
- ҳарбий хизматчилар орасидан юқори натижаларга эришган, ҳар бир ҳарбий қисмдан биттадан ёш ҳарбий хизматчи қўмондонлик ва Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти тавсияномасига мувофиқ.
! Ҳужжат ҳарбий таълим муассасаларига ва республикамизда фаолият олиб бораётган хорижий олий таълим муассасалари ҳамда уларнинг филиалларига татбиқ этилмайди.
Магистратура
Магистратурага киришда махсус фанлардан (0 баллдан 100 баллгача) ва чет тилидан (0 баллдан 50 баллгача) синов ўтказилади. Бундан ташқари, олий таълим муассасаси битирувчисининг умумий рейтинги ёки фанларни ўзлаштириш кўрсаткичи аниқланади. Тўпланиши мумкин бўлган максимал балл – 250.
«Информатика ва ахборот технологиялари», «Ўзбекистонда демократик жамият қуриш назарияси ва амалиёти» фанлари бўйича имтиҳонлар, илмий ва илмий-педагогик ишларга қобилиятини аниқлаш мақсадида суҳбатдан ўтказиш синовлар рўйхатидан чиқариб ташланди.
Шу билан бирга, кирувчига чет тили бўйича имтиҳон топширишдан озод қилиш имконини берадиган TOEFL ва IELTS тизими сертификатлари соҳибларининг балл кўрсаткичлари оширилди: TOEFL бўйича – 58 баллдан 72 баллгача, IELTS бўйича – 5 баллдан 5,5 баллгача.
Сиртқи шаклда ўқиш
Сиртқи шаклда фақат тўлов-контракт асосида ўқиш мумкин. Ҳужжатлар ҳар йили 1 июлдан 30 июлгача қабул қилинади. Кириш имтиҳонлари дастурлари, баҳолаш мезонлари, топшириладиган фанлар (камида учта) блоклари имтиҳонлар бошланишидан олдин абитуриентлар эътиборига етказилади.
Кириш имтиҳонлари 16 августдан 25 августгача, ўқитиш тилида ўтказилади. Имтиҳонларга ажратиладиган вақт олий таълим муассасаси қабул комиссиясининг қарори билан белгиланади. Ёзма (амалий) ишлар титул варақларига идентификация рақамини қўйиш йўли билан шифрланган ҳолда топширилади ва текширилади.
Имтиҳонлар тегишли бакалавриат йўналишидаги 3 та фандан тўпланиши мумкин бўлган максимал баллдан келиб чиқиб баҳоланади. Ҳар бир фан бўйича саволлар блокидаги фаннинг ўрнига қараб максимал баллнинг 0%идан 100%игача бўлган оралиқда балл қўйилади.
Топширилаётган фанларнинг ҳар бири бўйича имтиҳон натижалари улар ўтказилганидан кейин 1–3 кун муддатда олий таълим муассасаси расмий веб-сайтида эълон қилинади. Синов натижаларидан норози бўлган тақдирда улар расман эълон қилинган вақтдан бошлаб 24 соат ичида апелляция аризасини бериш мумкин. У 1–3 кун ичида кўриб чиқилади.
Ўқиш учун белгиланган тўлов 15 сентябргача тўланади, шундан сўнг ректор ўқишга қабул қилиш тўғрисидаги буйруқни расмийлаштиради.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 29.04.2019 йилдан кучга кирди.
Ленара Хикматова.