Президент томонидан 18 декабрь куни ҳудудларда муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарор имзоланди.
2021 йилда Республика ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида қуйидаги тадбирларни амалга оширишга 1 трлн сўм ажратилиши назарда тутилган:
- махсус иқтисодий ва кичик саноат зоналари учун ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқларини қуришга;
- ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга туртки берадиган лойиҳаларни амалга оширишга;
- тўғридан-тўғри хорижий ва маҳаллий инвестициялар иштирокидаги йирик ишлаб чиқариш лойиҳаларига.
Харажатлар қуйидаги тартибда қопланади:
а) МИЗ ва КСЗ ҳамда тўғридан-тўғри хорижий ва маҳаллий инвестициялар иштирокидаги йирик ишлаб чиқариш лойиҳаларининг ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқларини қуриш тадбирларига:
- ичимлик суви, оқова сув тармоқларини ҳамда автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари бўйича – Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан;
- электр энергияси ва табиий газ тармоқларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари бўйича – тегишлича таъминотчи корхоналар томонидан тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ таъминотчи корхоналарга ҳақиқатда амалга оширилган харажатлар республика бюджети маблағлари ҳисобидан 5% ставкада 3 йил муддатда қайтариш шарти билан ажратиладиган бюджет ссудаси маблағлари ҳисобидан;
- алоқа тармоқларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари бўйича — таъминотчи корхоналар томонидан тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ таъминотчи корхоналарнинг ҳамда тадбиркорлик субъектларининг ўз маблағлари ҳисобидан қопланади;
б) ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга туртки берадиган лойиҳалар ва тадбирларнинг муҳандислик-коммуникация тармоқларини қуриш (таъмирлаш) ишлари бўйича – Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан.
Бюджет ссудаси маблағлари электр энергияси тармоқларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари учун «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖга ҳамда табиий газ тармоқларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари учун «Ҳудудгазтаъминот» АЖга ажратилади. МИЗ ва КСЗ ҳамда тўғридан-тўғри хорижий ва маҳаллий инвестициялар иштирокидаги йирик ишлаб чиқариш лойиҳаларининг автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар молия бош бошқармалари ҳузуридаги автомобиль йўлларини ривожлантириш жамғармалари маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Давлат бюджетидан маблағлар ажратилишининг мақсадга мувофиқлигини аниқлаш бўйича махсус комиссия ташкил этилди. Махсус комиссиянинг ишчи органи этиб Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги белгиланди.
Вазирлар Маҳкамасига қуйидаги вазифалар топширилди:
- 2021-2022 йилларда махсус иқтисодий зоналарни ва кичик саноат зоналарини ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминлашга оид чора-тадбирларнинг манзилли рўйхатларини тасдиқлаш;
- 2021 йил 1 апрелга қадар тўғридан-тўғри инвестициялар жалб этилишини рағбатлантириш мақсадида қиймати 250 млрд сўм миқдордан ошадиган хорижий ва маҳаллий инвесторларнинг инвестиция лойиҳалари ташқи инфратузилмасини яратиш харажатларининг бир қисмини давлат томонидан қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш.
Эльмира Сиразиева.