Вазирлар Маҳкамасининг 10.07.2024 йилдаги "Иссиқхона хўжаликларига хориждан малакали агроном, энтомолог ва лаборатория мутахассисларини жалб қилиш харажатларининг 50 фоизини қоплаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида"ги 410-сонли қарори қабул қилинди.
Низом қуйидаги тартибларни белгилайди:
- иссиқхона хўжаликларига жалб қилинадиган хорижий малакали агрономлар, энтомологлар ва лаборатория мутахассислари рўйхатини шакллантириш;
- малакали агрономларнинг "яшил реестри"ни юритиш;
- хорижий мутахассисларни жалб қилиш учун субсидия ажратиш учун зарур ҳужжатларни тақдим этиш, уларни кўриб чиқиш ва субсидия ажратиш тўғрисида қарор қабул қилиш;
- иссиқхона хўжаликларига хорижий мутахассисларни жалб қилиш бўйича мониторинг олиб бориш.
Хорижий мутахассисларни жалб қилиш учун субсидия Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалиги хизматлари агентлигининг Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш жамғармасидан ҳар бир мутахассис учун бир ойга эквивалентда 1 минг АҚШ долларидан ошмаган миқдорда ажратилади. Бунда субсидия барқарорлик рейтинги "В" ва ундан юқори бўлган тадбиркорлик субъектларининг иссиқхона хўжаликларига берилади.
Иссиқхона хўжаликларига хориждан малакали агрономлар, энтомологлар ва лаборатория мутахассисларини жалб қилиш харажатларининг 50 фоизини қоплаш мақсадида ажратиладиган маблағларнинг мақсадли ишлатилиши Давлат молиявий назорати инспекцияси томонидан назорат қилинади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида давлат тилида эълон қилинган ва 2024 йил 13 июлдан кучга кирган.
Саодат Усманова