2.09.2019 йилдаги “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги ЎРҚ-562-сон Қонун кучга кирди.
Ҳужжат ушбу соҳадаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, Вазирлар Маҳкамаси, Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссия ва давлат органларининг ваколатларини, шунингдек давлат хизмати соҳасида, сайлов ҳуқуқини амалга оширишда, иқтисодий ва ижтимоий, таълим, илм-фан, маданият ва соғлиқни сақлаш соҳаларида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатларини белгилайди.
Белгиланишича, қуйидагилар жинс бўйича камситиш ҳисобланмайди:
- бола туғиш ва она сути билан озиқлантириш вазифалари билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишда фарқларни белгилаш;
- муддатли ҳарбий хизматга чақириш;
- гендер сиёсати амалга оширилишини таъминлашга доир вақтинчалик махсус чоралар кўриш;
- хотин-қизлар ва эркаклар меҳнатини муҳофаза қилишда уларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш хусусиятлари;
- мажбуриятлар фақат муайян жинсдаги шахслар томонидан бажарилиши мумкинлигига асосланган ҳолда касбий малакага доир тавсиялар бериш;
- қамоқда сақлаш, жазони ижро этиш жойларида сақлаш тартиби ва шартларини ҳамда ҳуқуқий жиҳатдан таъсир кўрсатишнинг бошқа чораларини тартибга солишда фарқларни белгилаш;
- хотин-қизларнинг жамиятдаги ижтимоий мавқеини мустаҳкамлашга, хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлашга қаратилган ижобий чоралар.
Норма ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига қуйидаги дастаклар жорий этилмоқда:
биринчидан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва улар лойиҳаларининг гендер-ҳуқуқий экспертизаси давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан фаолиятнинг тегишли йўналишлари бўйича ўтказилади. Ҳужжатнинг ёки лойиҳанинг хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатларини таъминлаш принципларига номувофиқлиги аниқланган тақдирда, гендер-ҳуқуқий экспертиза хулосаси ишлаб чиқувчи-органга юборилади.
иккинчидан, гендер статистикасини шакллантириш - давлат статистика органлари гендер кўрсаткичлари асосида жамият ҳаётининг барча соҳаларида хотин-қизлар ва эркакларнинг ҳолатини акс эттирадиган статистик ахборотни йиғишни, унга ишлов беришни, уни тўплашни, сақлашни, таҳлил қилишни ва эълон қилишни амалга оширади.
учинчидан, жинс бўйича бевосита ёки билвосита камситиш фактлари устидан шикоят қилиш - агар шахс ўзини унга дучор этилган деб ҳисобласа, ваколатли органларга ёки судга давлат божи тўламаган ҳолда мурожаат қилишга ҳақли. Бундай ишларни судларда кўриш чоғида адвокатлар томонидан кўрсатиладиган юридик хизматларга ҳақ тўлаш уларнинг хоҳишига кўра давлат ҳисобидан қопланади.
Қонун Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 3.09.2019 йилдан кучга кирди.
Олег Заманов.