Президент 31.10.2023 йилдаги ЎРҚ-874 сонли «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида» Қонунни имзолади.
Жиноят кодексига киритилаётган ўзгартиришларга мувофиқ қуйидагилар кўзда тутилган:
- Никоҳи қонунда белгиланган тартибда қайд этилмаган шахслар ўртасида, шу жумладан никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга ошириш, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, БҲМнинг 75 бараваридан 150 бараваригача миқдорда жарима ёки 360 соатдан 400 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчаларга кўра:
- никоҳи қонунда белгиланган тартибда қайд этилмаган шахслар ўртасида, шу жумладан никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга ошириш БҲМнинг 15 бараваридан 30 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади;
- фуқароларнинг жамоат жойларида ибодат либосларида юрганлиги учун жавобгарлик бекор қилинмоқда.
Шунингдек қуйидаги ҳаракатлар учун жавобгарлик белгиланмоқда:
- икки ёки ундан ортиқ хотин билан эр-хотин бўлиб яшашни тарғиб қилиш, ушбу мазмундаги қарашларни, ғояларни ёки чақириқларни тарқатиш, шунингдек бундай хатти-ҳаракатларни рағбатлантириш (БҲМнинг 15 бараваридан 30 бараваригача жарима ёки 15 суткагача муддатга маъмурий қамоқ);
- жамоат жойларида шахсини идентификация қилиш имконини бермайдиган даражада юзини тўсган ҳолда бўлиш (БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача жарима).
Қуйидаги ҳоллар бундан мустасно:- тиббий кўрсатмага асосан;
- йўл-транспорт ҳаракатида хавфсизликни таъминлаш учун кийиладиган махсус бош кийимда;
- меҳнат ва хизмат фаолияти билан боғлиқ ҳолларда юзини тўсган ҳолда бўлиш;
- спорт ва маданий тадбирларни ўтказиш вақтида ушбу тадбирлар иштирокчиларининг юзини тўсган ҳолда бўлиши;
- қонунчиликда тўғридан-тўғри рухсат этилган бошқа ҳолатларда юзини тўсган ҳолда бўлиш;
- жинс бўйича камситишни тарғиб қилиш, шу жумладан хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлилигини очиқдан-очиқ инкор этиш, ушбу мазмундаги қарашларни, ғояларни ёки чақириқларни тарқатиш, худди шунингдек бундай хатти-ҳаракатларни омма олдида оқлаш ва (ёки) рағбатлантириш (БҲМнинг 10 бараваридан 20 бараваригача миқдорда жарима);
- диний ташкилотнинг ўз уставида назарда тутилмаган бошқа фаолият тури билан шуғулланиш ёки тадбир ўтказиш (БҲМнинг 50 бараваридан 100 бараваригача жарима ёки 15 суткагача қамоқ).
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 01.11.2023 йилдан кучга кирди.
Собир Нурбердиев.