Вазирлар Маҳкамасининг 5.02.2016 йилдаги 31-сон Қарори билан «Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимининг турғун даволаш-профилактика муассасаларида овқатланишни ташкил этиш ва унинг учун ҳақ тўлаш тартиби тўғрисидаги низом" тасдиқланди.
Тасдиқланган Низомнинг талаблари республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларига ва республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларига, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимининг ўзини ўзи тўлиқ молиялаштириш шартларида фаолият кўрсатадиган, Президентининг ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида белгиланган шахсларнинг (беморларнинг) имтиёзли тоифасини даволаш харажатлари, шу жумладан овқатланиш харажатлари йўлланмалар (ордерлар) бўйича Давлат бюджети маблағлари ҳисобига қопланадиган тиббиёт муассасаларига, уларнинг бўлимларига татбиқ этилмайди.
Тиббиёт муассасаларидаги овқатланиш нонушта, тушлик, тушликдан кейинги овқат ва кечки овқатланишдан иборат бўлади. Нонушталар бюджет маблағлари ҳисобига бепул берилади. Тушлик, тушликдан кейинги овқат ва кечки овқатланиш учун ҳақ тўлаш бемор ва унинг қариндошларининг ёхуд бошқа шахслар, ташкилотларнинг ёки бошқа манбалар маблағлари ҳисобига амалга оширилади.
Ҳужжатда тиббиёт муассасаларида овқатланиш учун ҳақ тўлашдан озод қилинадиган беморлар тоифалари ва касалликлар рўйхати белгиланди.
Бемор ёзма ариза асосида тиббиёт муассасаси томонидан тавсия этилаётган овқатланишни тўлиқ ёки қисман рад этиши мумкин. Бу ҳолда бемор томонидан мустақил равишда ташкил этилган овқатланиш шифокорнинг парҳез бўйича кўрсатмасига мувофиқ бўлиши керак. Бунда пул тўлаб овқатланишни рад этган бемор, шифохонада бўлишининг режалаштирилаётган даври учун олдиндан ҳақ тўлаган ҳолда, овқатланишга исталган вақтда буюртма бериши мумкин.
Ихтисослаштирилган ташкилотлар тендер савдолари (танловлар) ўтказиш йўли билан овқат тайёрлаш учун жалб этилиши мумкин. Тиббиёт муассасалари билан ихтисослаштирилган ташкилотлар ўртасида тузилган шартномаларда, ихтисослаштирилган ташкилотларнинг барча харажатлари ҳисобга олинган ҳолда, овқатларни сотиш қиймати назарда тутилади.
Тиббиёт муассасаларининг овқат блоклари ёки овқат тайёрлаш бўйича шартномалар асосида уларга хизмат кўрсатувчи ташкилотлар томонидан тайёрланган таомлар учун ҳақ тўланади.
Овқатланиш учун ҳақ тўлаш тиббиёт муассасаларининг кассаларига (бевосита нақд пул билан ёки нақдсиз ҳисоб-китоблар бўйича) ёхуд тиббиёт муассасасининг Молия вазирлиги ¢азначилиги бўлинмаларидаги алоҳида ҳисобрақамига тақдим этилган счётлар бўйича амалга оширилади. Ҳар қайси тўловдан кейин бевосита тиббиёт муассасаларининг кассаларига тўлов миқдорини тасдиқловчи ҳужжатлар берилади.
Бутун сутка давомидаги овқатланиш қиймати тўғрисидаги ахборот тиббиёт муассасасининг маъмурий биносидаги кўринарли жойга жойлаштирилади.
Овқатланиш учун ҳақ тўлаш тиббиёт муассасасига жойлаштирилгунгача унинг шифохонада бўлишининг бутун муддати учун тўлиқ ёки қисман амалга оширилади, лекин у ҳисобланган сумманинг 50%идан кам бўлмаслиги керак. Бемор шифохонага ётқизилаётганда у овқатланиш учун ўзи тўлаган ҳақни тасдиқловчи ҳужжатни ёхуд тиббиёт муассасаси томонидан бериладиган овқатни рад этиши тўғрисидаги аризани тақдим этиши керак. Овқатланиш учун олдиндан қисман ҳақ тўланган тақдирда овқатланиш учун тўлиқ ҳисоб-китоб бемор шифохонадан чиққунгача амалга оширилади. Овқатланиш учун тўланган ҳақнинг фойдаланилмаган маблағлари тўловчига қайтарилади.
Мазкур ҳужжатнинг матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва изоҳлар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
«Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида янги» шарҳини
эксперт-юристимиз
Елена ЕРМОХИНА
тайёрлади.