Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 мартдаги 176-сон қарори билан коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тасдиқланди. Ҳужжат матни ЎзАда жойлаштирилган.
1. 2020 йил 24 март соат 00.01 дан бошлаб бошқа ҳудудлардан Тошкент шаҳрига кириш (автобус, микроавтобус, енгил автотранспорт, авиақатновлар ва темир йўл транспорти воситалари орқали) тўхтатилади. Қуйидаги шахсларга пойтахтга кириш ва чиқишга рухсат берилади:
- Тошкент шаҳрида доимий рўйхатдан ўтган шахсларга;
- Тошкент вилоятида доимий рўйхатдан ўтган ҳолда Тошкент шаҳрида меҳнат (хизмат) фаолиятини амалга ошираётган давлат органлари ва муассасалари (нодавлат ташкилотларида – иш берувчи томонидан тақдим этиладиган тегишли рухсатнома асосида) ходимларига.
Шунингдек, юк ташиш билан боғлиқ ҳолларда пойтахт чегарасидан ўтишга йўл қўйилади.
2. Фуқароларни мажбурий тиббий назорат ўтказиш ўрнатилади. Барча йирик деҳқон бозорлари ва савдо мажмуалари (супермаркет, гипермаркет ва бошқалар) кириш-чиқиш жойларини тегишли мутахассислар билан таъминлаган ҳолда тепловизорлар ва антисептик воситалар билан жиҳозланади. Биринчи навбатда бундай чора-тадбирлар Тошкент шаҳрида, кейинчалик босқичма-босқич Нукус шаҳри, вилоят ва туман марказларида кўрилади.
3. Республика ҳудудига хорижий давлатлардан, шунингдек, Тошкент шаҳрига бошқа ҳудудлардан кириб келаётган барча транспорт воситалари, товар ва юкларнинг мажбурий равишда дезинфекция қилинади.
4. Давлат муассасаларида фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари вакилларини қабул қилиш ҳамда уларга давлат ва бошқа хизматларни кўрсатиш имкон қадар онлайн режимга ўтказилади.
5. Фуқаролар томонидан Интернет ва телефон алоқаси учун тўловлар ўз вақтида амалга оширилмаганлиги сабабли икки ой давомида ўчирилмайди.
6. Идоравий бўйсунуви ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар барча ташкилотлар асосий иш фаолиятига таъсир этмаган ҳолда ходимларни меҳнат таътилига чиқаришлари ёки масофадан туриб (онлайн режимда ёки масофавий тарзда) ишлашга ўтказишлари керак.
7. Идоравий бўйсунуви ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар барча ташкилотлар раҳбарлари қуйидагиларга риоя этишлари шарт:
- иш жойларида ходимларнинг тана ҳароратини ўлчаш ва тана ҳарорати юқори бўлган ходимларни иш жойида бўлишига йўл қўймаслик ҳамда ушбу ходимлар тўғрисида соғлиқни сақлаш органларига зудлик билан хабар етказиш;
- ташриф буюрувчи шахсларни фақат тиббий ниқоб ва тиббий воситаларни қўллаган ҳолда киритиш;
- давлат санитария назорати органларининг талабномасига мувофиқ коронавирус инфекциясини юқтирган ходим билан мулоқотда бўлганлар ҳақида дарҳол маълумот бериш, касалланган шахс бўлган жойларни дезинфекциядан ўтказиш ;
- ходимларга изоляция режимида бўлишга оид талабларга риоя этишда кўмаклашиш.
8. Республикада жойлашган деҳқон бозорларидан ташқари барча бозорларнинг фаолияти тўхтатилади.
9. Биринчи навбатдаги дори воситалари, ниқоб ва тиббий буюмларнинг (дезинфекция воситалари ва бошқалар) аҳолига қатъий белгиланган нархларда узлуксиз етказиб берилиши назорат қилинади.
10. Тартибнинг амал қилиш даврида ДБҚ, истисно тариқасида, божхона чегараси орқали ўтказилаётган зарур дори воситалари, тиббий буюмлар, тиббий техника, уларни ишлаб чиқариш учун ишлатиладиган материаллар ва субстанциялар учун “яшил” йўлаклар ташкил қилади ва ушбу товарларга нисбатан божхона божлари ундирилмайди. Уларнинг рўйхати Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги томонидан тақдим этилади. Шунингдек, бундай маҳсулотлар учун тендерлар ёки танлов савдолари ўтказмасдан энг яхши таклифларни танлаб олиш йўли билан тўғридан-тўғри шартномалар тузишга рухсат берилди.
11. Санаторий, соғломлаштириш масканларида ҳамда меҳмонхоналар негизида Қорақалпоғистонда 4 та, вилоятлар ва потахтда - 3 тадан 14 кунлик карантин тадбирлари учун мослаштирилган базалар ташкил этилиши чоралари кўрилади. Шунингдек, қисқа муддатларда сақланаётган шахсларни бир-биридан ажратган ҳолда махсус карантин объектлари қурилади.
12. Коронавирус инфекцияси аниқланган республика фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар ва хорижий фуқаролар, шу жумладан 2020 йил январь-март ойларида коронавирус инфекцияси қайд этилган ҳудудларда бўлиб, Ўзбекистонга кириб келган шахслар:
- мамлакатга қайтиб келганлиги, коронавирус инфекцияси қайд этилган ҳудудларда бўлган вақти ва жойи тўғрисида зудлик билан соғлиқни сақлаш органларига маълумот беришга;
- 14 кун давомида уйда ёки махсус белгиланган жойда изоляция шароитида бўлишга;
- соғлиқни сақлаш органлари томонидан тайинланадиган тиббий текширув ва даволанишдан ўтишга мажбурдирлар.
Санитария назорати органлари томонидан изоляция қилиниши лозимлиги ҳақида талаб қўйилган шахслар билан бирга яшовчи шахслар ҳам улар томонидан белгилаб берилган муддат давомида изоляция шароитида бўлишлари керак.
13. Карантинга жойлаштирилган шахсларга тегишли бўлган мобиль телефон, аудио ва видео воситалар, банк карталари ҳамда бошқа ахборот ташувчи буюмлар вақтинча олиб қўйилади.
Ленара Хикматова.