Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Устав фондига ҳиссаларни баҳолашдаги ўзгаришлар: бизнес нималарни билиши керак Чет эл валютасидаги тўловда қайси курсни ҳисобга олиш керак ЖШДСни ким тўлаши керак

Корпоратив шартноманинг ҳуқуқий мақоми белгиланди

10.02.2025

Рус тилида ўқиш

Президент томонидан 07.02.2025 йилдаги «Корпоратив муносабатларнинг ҳуқуқий асослари янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-1025-сон Қонун имзоланди.

 

Ҳужжат билан қонун ҳужжатларига куйидагиларни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда:

  • унитар корхона ва қўшимча масъулиятли жамият шаклларини тугатиш;
  • юридик шахсларни қўшиб юбориш, қўшиб олиш ва ташкилий-ҳуқуқий шаклини ўзгартириш орқали қайта ташкил этишда корхоналарнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари топшириш ҳужжатида акс эттирилган ёки акс эттирилмаганлигидан қатъи назар қайта ташкил этилаётган юридик шахсга ўтказилиши;
  • корпоратив шартнома, консорциум ва консорциум шартномаси каби институтларнинг ҳуқуқий мақомини белгилаш;
  • МЧЖларнинг таъсис шартномасини давлат рўйхатидан ўтказиш ҳақидаги талабни бекор қилиш;
  • хўжалик жамиятлари кузатув кенгашларининг акциялар, корпоратив облигациялар ва бошқа қимматли қоғозларни чиқариш тўғрисидаги қарорларини ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ муҳим факт сифатида ошкор этиш;
  • ИЛМА (Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги) томонидан қимматли қоғозлар чиқарилиши давлат рўйхатидан ўтказилганлиги, шунингдек, қимматли қоғозлар бозорида профессионал фаолиятни амалга оширишга доир лицензия берилганлигига тааллуқли ахборотни эълон қилиш.

 

Хўжалик жамиятининг иштирокчилари ёки айрим иштирокчилари ўз аъзолик ҳуқуқларини амалга ошириш тўғрисида ўзаро корпоратив шартнома тузишга ҳақли. Шартномага мувофиқ мазкур хўжалик жамиятининг иштирокчилари ўз аъзолик ҳуқуқларини амалга ошириш ёки уларни амалга оширишдан ўзини тийиш (воз кечиш), шу жумладан: 

  • жамият иштирокчиларининг умумий йиғилишида овоз бериш;
  • жамиятни бошқариш бўйича ҳаракатларни келишиб амалга ошириш;
  • ўз устав фондидаги (устав капиталидаги) улушларини (акцияларини) маълум нархда ёки муайян ҳолатлар юзага келганда қўлга киритиш ёки бошқа шахсга бериш ёхуд қўлга киритишдан ёки бошқа шахсга беришдан ўзини тийиш мажбуриятини олади.

 

Корпоратив шартномага жамият иштирокчилари жамият органларининг кўрсатмаларига мувофиқ овоз бериши тўғрисидаги ва жамият органларининг тузилишини ҳамда уларнинг ваколатларини белгилаш ҳақидаги шартлар киритилиши мумкин эмас.

 

Корпоратив шартнома тарафлари хўжалик жамиятини корпоратив шартнома тузилганлиги тўғрисида шартнома тузилган кундан эътиборан 15 кундан кечиктирмай ёзма шаклда хабардор қилиши шарт, бунда унинг мазмунини ошкор этиш талаб қилинмайди.

 

Шунингдек, консорциум шартномасининг хусусиятлари белгиланмоқда. Бундай шартномага асосан ташкил этилган юридик шахслар бирлашмаси алоҳида юридик шахс мақомига эга бўлмайди.

 

Консорциум шартномаси шериклари (иштирокчилари) ўзининг мустақил хўжалик фаолиятини сақлаб қолган ҳолда бошқа консорциумларнинг фаолиятида иштирок этиши мумкин. 

 

Консорциум шартномаси шериклари (иштирокчилари) ўртасидаги муносабатлар ёзма шаклда тузиладиган консорциум шартномаси билан тартибга солинади.

 

Консорциум шартномаси шерикларига (иштирокчиларига) товар бозоридаги нархларни сунъий равишда ошириш ёки пасайтириш, шу жумладан «Рақобат тўғрисида»ги Қонун талабларига зид бўлган ҳаракатларни келишиб олиш тақиқланади.

 

Консорциум шартномасига асосан ташкил этилган юридик шахслар бирлашмаси консорциум шартномасида белгиланган тижорат фаолияти билан боғлиқ бўлган келишилган ишлар якунига етказилганда ёки унинг шериклари (иштирокчилари) қарорига асосан ўз фаолиятини тугатади. 

 

Ўзгартиришлар ва қўшимчалар Фуқаролик, Уй-жой, Ер ва Ҳаво кодексларига, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга, шунингдек, қуйидаги қонунларга киритилмоқда: 

• «Ўзбекистон Республикасида мулкчилик тўғрисида»;

• «Ижара тўғрисида»;

• «Гаров тўғрисида»;

• «Давлат уй-жой фондини хусусийлаштириш тўғрисида»;

• «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»;

• «Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида»;

• «Адвокатура тўғрисида»;

• «Давлат ер кадастри тўғрисида»;

• «Ўрмон тўғрисида»;

• «Баҳолаш фаолияти тўғрисида»;

• «Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида»;

• «Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида» ва бошқалар.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 08.05.2025 йилдан кучга киради.

  

Собир Нурбердиев