Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
2024 йил декабрда қандай дам оламиз 2024 йил декабрь ойи учун бош бухгалтер режаси Корхонанинг ташкилий-ҳуқуқий шакли қандай ўзгартирилади Буюртмачи бухгалтерия ҳисобини қандай юритиши керак Солиқ кодексига мувофиқ ҚҚСсиз импорт жиҳозлар учун уч сценарий: сотиш, ижарага бериш ва фойдаланиш пайтидаги солиқ оқибатлари Ўзбекистонда 2024 йил декабрда нималар ўзгаради Ўзбекистонда 2024 йил декабрда нималар ўзгаради

Коррупцияга қарши ким қандай курашади

05.01.2017

3.01.2017 йилдаги ЎРҚ–419-сон «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонун «Халқ сўзи» газетасида эълон қилинди ва 4.01.2017 йилда кучга кирди.

Коррупция ўзи нима?

 

Қонунга кўра коррупция шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этишидир.

 

Ким қарши курашади?

 

Бевосита коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи давлат органларига қуйидагилар киради:

 

  • Бош прокуратура;
  • Миллий хавфсизлик хизмати;
  • Ички ишлар вазирлиги;
  • Адлия вазирлиги;
  • Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти.

 

Қонун билан юқорида санаб ўтилган органларнинг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ваколатлари белгилаб берилган.

 

Бундан ташқари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва бошқа ташкилотлар, ОАВ ва фуқаролар коррупцияга қарши курашишда иштирок этади.

 

Идоралараро комиссия тузилди

 

Коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш учун Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси ташкил этилди. Қорақалпоғистон Республикасида, вилоятларда ва Тошкент шаҳрида коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳудудий идоралараро комиссиялар ташкил этилади.

 

Ушбу органнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

  • коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат дастурларининг ва бошқа дастурларнинг ишлаб чиқилиши ҳамда амалга оширилишини ташкил этиш;
  • коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш ва ҳамкорлигини таъминлаш;
  • аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга доир чора-тадбирларнинг ишлаб чиқилиши ҳамда амалга оширилишини ташкил этиш;
  • коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга, уларни аниқлашга, уларга чек қўйишга, уларнинг оқибатларини, шунингдек уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этишга доир чора-тадбирлар самарадорлиги оширилишини таъминлаш;
  • коррупциянинг ҳолати ва тенденциялари тўғрисидаги ахборотни йиғиш ҳамда таҳлил этиш;
  • коррупцияга қарши курашиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилиши юзасидан мониторингни амалга ошириш, ушбу соҳадаги мавжуд ташкилий-амалий ва ҳуқуқий механизмларнинг самарадорлигини баҳолаш;
  • коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш ва ушбу соҳадаги ишларни яхшилаш юзасидан таклифлар тайёрлаш;
  • ҳудудий идоралараро комиссиялар фаолиятини мувофиқлаштириш.

 

Қандай қарши курашиш керак

 

Қонунда турли соҳаларда коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларга алоҳида эътибор қаратилган  бўлиб, уларни қуйида келтириб ўтамиз.

 

Давлат бошқаруви:

 

  • давлат органлари фаолиятининг очиқлигини ва уларнинг ҳисобдорлигини таъминлаш, давлат бошқаруви тизимининг самарадорлигини ошириш, давлат органларининг, улар мансабдор шахсларининг ва бошқа ходимларининг ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариши юзасидан масъулиятини кучайтириш;
  • коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат органларининг фаолияти устидан парламент ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш;
  • давлат органларининг ва улар ходимларининг фаолиятида коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслик;
  • давлат органларининг мансабдор шахслари ва бошқа ходимлари томонидан ўз мансаб ёки хизмат мажбуриятларининг бажарилиши самарадорлиги мезонларини, стандартларини ва унинг сифатини баҳолаш тизимларини жорий этиш;
  • давлат органлари ходимларининг касбий ҳамда хизматдан ташқари фаолиятдаги одоб-ахлоқининг ягона принциплари ва қоидаларини белгиловчи одоб-ахлоқ қоидаларини самарали амалга ошириш;
  • давлат органлари ходимлари манфаатларининг тўқнашувини ҳал қилишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, уларга риоя этилиши юзасидан мониторинг ўтказилишини таъминлаш;  
  • давлат органлари ходимларининг ҳуқуқий мақомини белгилаш, хизматни ўташнинг шаффоф тартибини ўрнатиш, шахсий ва касбий сифатлар, очиқлик, беғаразлик, адолатлилик ва холислик принциплари асосида танлов бўйича саралаш ҳамда хизматда кўтарилиш тизимини жорий этиш;
  • давлат органлари томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилиши, мурожаатларнинг тўлиқ, холисона ва ўз вақтида кўриб чиқилиши, улар томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари, эркинликларини тиклаш ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ўз ваколатлари доирасида чоралар кўрилиши устидан назоратни таъминлаш;
  • давлат органлари фаолиятида коррупциянинг олдини олишга доир тадбирларнинг амалга оширилиши юзасидан ушбу органлар томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини баҳолаган ҳолда мунтазам равишда мониторинг ўтказиш;
  • норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизасини ташкил этиш;
  • давлат органларининг мансабдор шахслари ва бошқа ходимларининг самарали ижтимоий ҳимоя қилинишини, моддий таъминот олишини ва рағбатлантирилишини таъминлаш.

 

 Ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ва  тадбиркорлик:

 

  • маъмурий ва бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, рўйхатга олиш, рухсат этиш ва лицензияга доир тартиб-таомилларни соддалаштириш ҳамда уларнинг тезкорлигини ошириш;
  • давлат органларининг назорат-текширув вазифаларини мақбуллаштириш, тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текшириш тизимини такомиллаштириш, уларнинг фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашишга йўл қўймаслик;
  • давлат органлари ва тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг масофавий шаклларини кенг жорий этиш;
  • тадбиркорлик фаолиятини олиб бориш учун тенг шарт-шароитлар яратиш ва инсофсиз рақобатга йўл қўймаслик;
  • давлат харидларининг самарали ҳуқуқий механизмларини жорий этиш, давлат харидларини жойлаштиришда ошкоралик, шаффофликни таъминлаш ҳамда рақобат муҳитини қўллаб-қувватлаш;
  • таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий таъминот, коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида ва ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг бошқа соҳаларида аҳоли учун адолатли шарт-шароитларни ҳамда тенг имкониятларни яратиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслик;
  • нодавлат ташкилотларда коррупцияга қарши курашишнинг самарали механизмларини жорий этиш. 

 

Маъмурий тартиб-таомиллар:

 

  • қонунийлик ва адолатлилик принципларини таъминлаш, маъмурий-бошқарув жараёнининг беғаразлиги кафолатларини яратиш, ушбу жараённинг шаффофлигини, ташқи ва ички назорат учун очиқлигини ошириш;
  • ўз ихтиёрича ҳаракат қилиш ваколатларини чеклаган ҳолда маъмурий тартиб-таомилларни батафсил тартибга солиш, бюрократик расмиятчиликка йўл қўймаслик;
  • соддалаштирилган маъмурий тартиб-таомилларни жорий этиш;
  • давлат органларининг қарорлари устидан шикоят қилишнинг ва етказилган зарар ўрнини қоплашнинг самарали механизмларини белгилаш.

 

Давлат харидларини амалга ошириш:

 

  • давлат харидларини амалга ошириш тартиб-таомиллари тўғрисидаги ахборотнинг шаффофлиги ва очиқлигини таъминлаш;
  • адолатли рақобатни ва қарорлар қабул қилиш чоғида холисона мезонлардан фойдаланилишини таъминлаш;
  • ички назоратнинг самарали тизимини, шунингдек давлат харидларини ўтказиш натижалари юзасидан шикоят қилиш ва низолашишнинг самарали тартиб-таомилини яратиш;
  • давлат электрон савдоларининг самарали ишлашини таъминлаш.

 

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва  улар лойиҳаларининг коррупцияга  қарши экспертизаси:

 

  • коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этиш имкониятини яратадиган, коррупцияга сабаб бўладиган омилларни аниқлашга;
  • коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этиш имкониятини яратадиган лойиҳани қабул қилиш оқибатларини умумий баҳолашга;
  • норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қўллаш жараёнида коррупция хусусиятига эга хавфларнинг юзага келиши эҳтимолини прогноз қилишга;
  • коррупцияга сабаб бўлган, аниқланган омилларни бартараф этишга қаратилган тавсияларни ишлаб чиқишга ва чоралар кўришга йўналтирилган жараёндан иборат бўлади.

 

Қандай қарорлар бекор қилинади?

 

Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар натижасида қабул қилинган қарорлар манфаатдор шахснинг аризасига кўра ваколатли давлат органи, бошқа ташкилот ёки мансабдор шахс томонидан бекор қилиниши ёхуд ўзгартирилиши ёки суд тартибида ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин. Бу ҳолатда, унинг қабул қилиниши натижасида жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарнинг ўрни қопланиши лозим.

 

 

Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.

 

Олег ЗАМАНОВ,

экспертимиз.

 

Мавзуга оид материаллар:

 

Тадбиркорларни режадан ташқари ва муқобил текширишлар  бекор қилинади

 

 

 

Валюталар курси

2024-12-02
  • USD:12852.00 (+0.00) сум
  • EUR:13569.14 (+0.00) сум
  • RUB:118.99 (+0.00) сум

Янги сонларда ўқинг

2024, 26 ноябрь№ 48