Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Умумий сотиш ҳажмида ўз маҳсулоти 90 фоиздан кам бўлса, умумий овқатланиш корхонаси қишлоқ хўжалик маҳсулотлари харидини қандай расмийлаштириши керак Ўзбекистондан ташқарида товар харид қилиш ва ташиш қандай солиқ оқибатларига олиб келади Қандай қилиб ҚҚС ҳисоботини тўлдириш ва солиқни тўлаш керак

Кредиторларга кўпроқ ҳуқуқ ва кафолатлар берилди

26.11.2018

Рус тилида ўқиш

Президентнинг 23.11.2018 йилдаги «Кредиторларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини молиялаштириш механизмларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ–4026-сон қарори эълон қилинди.

 

Биринчидан, ҳужжат билан 2019 йил 1 январдан қуйидаги тартиб ўрнатилади:

 

а) гаров билан таъминланган кредиторлар (гаровга олувчилар) талабларини гаровга қўйилган мол-мулк қийматидан қондириш гаров реестрига қарздорнинг мол-мулкига бўлган ҳуқуқлари тўғрисида ёзув киритилган санага кўра календарь кетма-кетлигида амалга оширилади.

 

Маълумот учун: гаров реестри – қарздорларнинг мажбуриятлари бажарилишини таъминлаш воситаси сифатида бериб қўйган мол-мулкига нисбатан кредиторларнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги, шунингдек қарздорнинг мол-мулкни тасарруф этиш ва ундан фойдаланишга доир ҳуқуқларига қонунга мувофиқ қўйилган чеклов ҳамда қарздор ўз мажбуриятлари лозим даражада бажарилишини таъминлаши билан боғлиқ бошқа талаблар ҳақидаги ёзувларни ўз ичига олган маълумотларнинг ягона ахборот базаси («Гаров реестри тўғрисида»ги Қонуннинг 3-моддасига қаранг). Ўзбекистонда гаров реестрини Марказий банк ҳузуридаги «Гаров реестри» ДУК юритади (Гаров реестрини юритиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 5-бандига қаранг).

 

Гап шундаки, битта мол-мулк бир нечта гаров предмети бўлиши мумкин. Бундай вазият фуқаролик ҳуқуқида навбатдаги гаров деб номланади. Қонунга кўра навбатдаги гаровга олувчининг талаблари олдинги гаровга олувчилардан кейин ушбу мол-мулк қийматидан қаноатлантирилади (ФКнинг 273-моддаси; «Гаров тўғрисида»ги Қонуннинг 15-моддасига қаранг). Шу тариқа, қарор билан ушбу нормага аниқлик киритилди.

 

Бироқ ушбу тартиб қарздорнинг ҳисобварағидаги пул маблағлари унга қўйилган барча талабларни қондириш учун етарли бўлмаган тақдирда, уларни ҳисобдан чиқариш навбатига татбиқ этилмайди. Бинобарин, бу ҳолда аввалгидек мутаносиб равишда ҳисобдан чиқариш амалга оширилади (Хўжалик юритувчи субъектларнинг банк ҳисобварақларидан пул маблағларини ҳисобдан чиқариш тартиби тўғрисидаги йўриқномага қаранг);

 

б) гаров реестрига қарздорнинг мол-мулкига бўлган ҳуқуқлари тўғрисида ёзув киритган кредитор-гаровга олувчилар ўз талабларини қондиришда гаров реестрига тегишли ёзувни киритмаган кредитор-гаровга олувчиларга нисбатан устувор ҳуқуққа эга бўладилар;

 

в) мол-мулкни харид қилишни уни таъминот сифатида қўйиш эвазига молиялаштирган кредитор ушбу мол-мулк (одатда, янада ликвидли, таҳр.) ҳисобидан ўз талабларини қондиришда устувор ҳуқуққа эга бўлади. Бунинг учун ҳам гаров реестрига тегишли ёзувни киритиш талаб этилади;

 

г) навбатдаги гаровга қўйишга гаров реестрига тегишли ёзувни киритиш шарти билан рухсат этилади (ҳозир мазкур талаб тўғридан-тўғри қайд этилмаган, таҳр.). Аввалги гаровга олувчининг розилигини олиш талаб этилмайди;

 

д) гаровга олувчининг розилигисиз гаров предметини ижарага беришга рухсат этилади («Гаров тўғрисида»ги Қонуннинг 21-моддаси 3-қисми 3-хатбошисига мувофиқ, ҳозир у талаб этилади). Бироқ бир шарт билан: гаров реестрига тегишли ёзувни киритиш ва бу ҳақда гаровга олувчини хабардор этиш зарур.

 

Иккинчидан, кучга кириши кечиктирилмайдиган яна бир қатор янгиликлар назарда тутилган (қуйига қаранг):

 

а) қарздорнинг мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш учун тақдим этилган мол-мулкидан фойдаланиш ёки уни сотишдан олинган ҳосил ва даромадларга (тушумга) кредиторнинг устувор ҳуқуқи. Бу умумий қоида бўлиб, шартномада ўзгача қоида белгиланган бўлмаса, ўз-ўзидан қўлланилади. «Гаров тўғрисида»ги Қонуннинг 5-моддаси 3-қисмида эса унга тескари принцип назарда тутилган: самара, маҳсулот ва даромадларга нисбатан гаров ҳуқуқи шартномада назарда тутилган ҳолларда татбиқ этилади (назарда тутилмаган – татбиқ этилмайди, таҳр.);

 

б) ундирувни гаров предметига қаратишнинг амалдаги тартиби («Гаров тўғрисида»ги Қонуннинг 27-моддасига қаранг) лизинг, бўлиб-бўлиб тўлашни назарда тутувчи олди-сотди, ижара ёки бошқа битимлар объекти бўлган ҳамда ушбу битимларда мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш учун қўйилган мол-мулкка (мулк ҳуқуқига) ҳам татбиқ этилади;

 

в) ёзма битим мавжуд бўлган тақдирда, гаров предмети ёки кредиторнинг мажбуриятлари бажарилишини таъминлаш предмети сифатида қўйилган кўчар мол-мулкка ундирувни қаратишга суд буйруғи асосида йўл қўйилади.

 

Маълумот учун: суд буйруғи – ижро ҳужжати кучига эга, низосиз талаблар бўйича суд муҳокамаси ўтказмасдан (соддалаштирилган ва тезлаштирилган тартибда, таҳр.) берилган суд ҳужжати (ФПКнинг 18-боби; ИПКнинг 17-бобига қаранг).

 

Учинчидан, қўшимча равишда қуйидаги янгиликлар назарда тутилган:

 

а) мол-мулк билан таъминланадиган мажбуриятни шу мол-мулк қийматидан қопланишини мумкин бўлган мажбуриятнинг максимал суммасини кўрсатиш йўли билан аниқлашга рухсат этилади;

 

б) мажбуриятлар бажарилишини мол-мулк билан таъминлашни назарда тутадиган битимлар, ш.ж. гаров шартномаси мажбуриятлар бажарилишининг мулкий таъминоти предметини батафсил баён қилмасдан, уни умумий тавсифлаш орқали, жумладан, алоҳида тоифа бўйича тузилиши мумкин.

 

Масалан, гаровга қўйишда у билан таъминланадиган мажбурият миқдори ва гаровга қўйилган мол-мулкнинг тавсифи (батафсил) – гаров тўғрисидаги шартноманинг мажбурий шартлари («Гаров тўғрисида»ги Қонуннинг 10-моддасига қаранг);

 

в) мажбурият бажарилишини таъминлаш учун гаровга қўйилган мол-мулк суддан ташқари тартибда ундирилаётганда кредитга, бўлиб-бўлиб тўлашга, лизингга ёки қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа битимлар орқали реализация қилиниши, ижарага берилиши мумкин.

 

Бироқ суд қарорлари ва бошқа органлар қарорларини ижро этиш доирасида мол-мулкни мажбурий реализация қилиш ҳолларида ушбу қоида қўлланилмайди. Бундай ҳолларда аукцион ғолиби мол-мулкнинг бутун қийматини бир йўла тўлаган ҳолда электрон онлайн-аукцион савдоларида мол-мулкни реализация қилиш механизми «ишга туширилади» (27.07.2017 йилдаги ПҚ–3149-сон қарорга қаранг).

 

Бу – муҳим! Қарорда назарда тутилган нормаларнинг аксарияти қонун ҳужжатлари: Фуқаролик, Фуқаролик процессуал ва Иқтисодий процессуал кодекслар, «Гаров тўғрисида», «Гаров реестри тўғрисида»ги қонунлар ва бошқа ҳужжатларга тузатишлар киритилишини тақозо этади. Бунгача расман кўпроқ юридик кучга эга бўлган ушбу ҳужжатларда назарда тутилган амалдаги қоидалар қўлланилиши керак.  

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 23.11.2018 йилдан кучга кирди.

 

 

Олег Заманов.


 

Валюталар курси

2024-12-20
  • USD:12875.06 (+0.00) сум
  • EUR:13406.80 (+0.00) сум
  • RUB:124.75 (+0.00) сум