Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директорининг “Крипто-активлар айланмаси соҳасида тартибга солиш махсус режимида («Тартибга солиш қумдони» махсус режими) иштирокчиларни рўйхатдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги буйруғи имзоланди (30.12.2022 йилда рўйхатдан ўтган, рўйхат рақами 3409)
Низом билан қуйидагилар белгиланмоқда:
- махсус режим иштирокчиларига талаб ва шартлар;
- аризаларни тақдим этиш ва кўриб чиқиш тартиби;
- махсус режим иштирокчилари реестрини юритиш тартиби;
- тажриба-синов лойиҳасини амалга ошириш муддатини узайтириш, реестрга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тартиби
Махсус режим иштирокчиси сифатида рўйхатдан ўтиш учун Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигига ариза билан биргаликда қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиш лозим:
- белгиланган шаклдаги анкета;
- тажриба-синов лойиҳаси доирасида хизмат кўрсатиш бўйича тузиладиган шартномалар (оферталар, битимлар) қиймати ва мижозларнинг сони;
- эришилиши режалаштирилган аниқ мақсадли кўрсаткичлар назарда тутиладиган бизнес-режа;
- юридик шахс (аризачи)нинг низоми ва бошқа таъсис ҳужжатлари;
- аризачининг раҳбарияти (раҳбари ва ўринбосарлари) айрим жиноятлар бўйича судланмаганлиги ҳақидаги маълумотнома;
- аризачининг раҳбарияти (раҳбари ва ўринбосарлари) ҳақидаги маълумотлар.
Ижобий хулоса берилганда юридик шахс 12 ойга иштирокчилар реестрига киритилади. Ушбу муддат ичида иштирокчи тажриба-синов лойиҳасини амалга ошириши лозим.Зарур ҳолларда, мазкур муддат 12 ойга узайтирилиши мумкин.
Махсус режим доирасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида:
- крипто-активларни тўлов воситаси сифатида қабул қилиниши ёки фойдаланилиши;
- аноним крипто-активлар билан операциялар, аноним крипто-активлар майнинги ҳамда яширин майнингни амалга оширилиши тақиқланади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 30.12.2022 йилдан кучга кирди.
Собир Нурбердиев.