Президентнинг 30.03.2018 йилдаги ПҚ-3643-сон қарори билан Президент ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошида Аккредитация маркази (Марказ) ташкил этилди. У «Ўзстандарт» агентлиги ҳузуридаги Мувофиқликни баҳолаш органларини аккредитация қилиш маркази негизида ташкил этилди.
Янги ташкил этилган Марказ (ДУК шаклидаги юридик шахс) мувофиқликни баҳолаш органларини аккредитация қилишни амалга оширувчи махсус ваколатли органдир. «Ўзстандарт» агентлигининг мувофиқликни баҳолаш органларини аккредитация қилиш ва инспекция назорати бўйича вазифалари, синов ва калибрлаш лабораториялари, шунингдек илгари берилган аккредитация гувоҳномалари тўғрисидаги марказлаштирилган маълумотлар базаси ва материаллар унга ўтказилди.
Марказнинг фаолият соҳаси товарлар ва хизматларни баҳолаш ва сертификатлашни амалга оширувчи барча давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари, хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан татбиқ этилади. Қуйидагилар унинг асосий вазифалари этиб белгиланди:
- мувофиқликни баҳолаш органларини аккредитация қилиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш;
- мувофиқликни баҳолаш органларини халқаро стандартларга кўра аккредитация қилиш, шунингдек мувофиқликни баҳолаш бўйича аккредитация қилинган органлар ва метрология хизматларининг белгиланган шартлар ва талабларни бажариши устидан инспекция назоратини амалга ошириш;
- халқаро ва миллий аккредитация органлари билан фаол ҳамкорлик қилиш, ушбу соҳада халқаро стандартлар ва техник регламентларни жорий этиш;
- мувофиқликни баҳолаш органларини аккредитация қилиш соҳасида миллий ва халқаро илмий-тадқиқот, таълим ва бошқа муассасалар томонидан амалга оширилаётган давлат илмий-техникавий дастурлари ва лойиҳаларининг ягона буюртмачиси вазифаларини бажариш.
Марказ директори ва унинг ўринбосарлари Президент ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги директори томонидан лавозимга тайинланади ва ундан озод этилади.
Марказ манзили: Тошкент ш., Ислом Каримов кўч., 1.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 31.03.2018 йилдан кучга кирди.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни, шарҳлар ва у билан боғлиқ бошқа қонун ҳужжатларига ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари» ахборот-қидирув тизимида яқин орада танишиш мумкин.
Олег Заманов.