Президентнинг 8.01.2018 йилдаги «Ўзбекистон Республикасининг давлат харидларини амалга ошириш, давлат дастури доирасидаги ҳужжатларни шакллантириш ва амалга ошириш бўйича комплекс экспертизанинг самарали тизимини ташкил қилиш тўғрисида»ги ПҚ-3464-сон қарори эълон қилинди.
Марказ Президент ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошида ДУК шаклида фаолият юритади. Марказ минтақавий филиаллар ташкил этишга ҳақли.
Марказ фаолиятининг асосий йўналишлари белгиланди:
1 – мамлакатни ривожлантириш давлат дастурларига киритилаётган лойиҳалар комплекс экспертизадан ўтказилишини ташкил этиш, уларнинг амалга оширилишини таҳлил ва мониторинг қилиш;
2 – ривожлантириш давлат дастурларини шакллантириш ва амалга ошириш доирасида, шунингдек давлат харидларини амалга ошириш чоғида ишлаб чиқиладиган лойиҳаолди, лойиҳа ва тендер ҳужжатлари, техник вазифаларни комплекс экспертизадан ўтказиш;
3 – ривожлантириш давлат дастурларини амалга ошириш доирасида, шунингдек давлат харидларини амалга ошириш чоғида тузиладиган импорт контрактларини экспертизадан ва рўйхатдан ўтказиш;
2015–2017 йилларда рўйхатдан ўтказилган барча экспорт ва импорт контрактлари ўрганиб чиқилади. Якунларга кўра контрактларни экспертизадан, рўйхатдан ўтказиш механизмларини такомиллаштиришга, тақдим этилган ҳужжатлар ишончлилиги ва ваколатли шахслар имзоларига қўйиладиган талабларнинг мажбурий текширилишини жорий этишга, манфаатлар тўқнашувини истисно этишга йўналтирилган ҳужжат ишлаб чиқилади. Бундан ташқари, товарлар (хизматлар) қийматининг ягона маълумотлар базаси яратилади.
Санаб ўтилган ишлар ва хизматлар (2 ва 3-бандлар) ёрдамчи пудрат шартларида топширилиши мумкин эмас, Марказ лойиҳа институтлари, инжиниринг ва консалтинг компанияларини танлаш хусусида тавсиялар беришга ҳақли эмас.
4 – ресурсларнинг ягона миллий маълумотномасини шакллантириш ва янгилаш.
Марказ фаолияти соҳаси қуйидагиларга татбиқ этилади:
- барча давлат органлари ва хўжалик бошқаруви органлари;
- устав фондидаги давлат улуши 50% ва ундан ортиқни ташкил этадиган хўжалик юритувчи субъектлар;
- устав фондидаги улушнинг 50%и ва ундан ортиғи олдинги бандда кўрсатилган юридик шахсга тегишли бўлган хўжалик юритувчи субъектлар;
- ривожлантириш давлат дастурлари доирасида амалга ошириладиган барча лойиҳалар.
Қарор билан қурилиш соҳасида лицензиялар беришга вақтинчалик чеклов ҳам назарда тутилган, бу ҳақда бу ерда ёзилган.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 9.01.2018 йилда кучга кирди.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни, шарҳлар ва у билан боғлиқ бошқа қонун ҳужжатларига ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари» ахборот-қидирув тизимида яқинда танишиш мумкин.
Олег Заманов.