Президент 21.10.2024 йилдаги "Оилавий (маиший) зўравонликдан ҳимоя қилиш чоралари кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-978-сонли Қонунни имзолади.
Қонун билан Жиноят кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга болаларга нисбатан оилавий (маиший) зўравонлик учун жавобгарликни назарда тутувчи ўзгартишлар киритилмоқда.
Шунингдек, Жиноят-процессуал кодексига оилавий (маиший) зўравонлик билан боғлиқ ишлар бўйича ярашув тўғрисидаги ариза фақат суд муҳокамаси босқичида берилиши мумкинлигини белгиловчи ўзгартиришлар киритилмоқда.
Қайд этилишича, қабул қилинган Қонун оилаларда маънавий-ахлоқий муҳитни яхшилаш, оилада болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш, шунингдек, болалар ҳуқуқларини таъминлаш билан боғлиқ халқаро индексларда мамлакатнинг ўрнини яхшилашга хизмат қилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 22.10.2024 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова