Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
2024 йил декабрда қандай дам оламиз 2024 йил декабрь ойи учун бош бухгалтер режаси Корхонанинг ташкилий-ҳуқуқий шакли қандай ўзгартирилади Буюртмачи бухгалтерия ҳисобини қандай юритиши керак Солиқ кодексига мувофиқ ҚҚСсиз импорт жиҳозлар учун уч сценарий: сотиш, ижарага бериш ва фойдаланиш пайтидаги солиқ оқибатлари Ўзбекистонда 2024 йил декабрда нималар ўзгаради Ўзбекистонда 2024 йил декабрда нималар ўзгаради

Мажбурий жамоат ишлари қандай ўталади?

31.03.2017

29.03.2017 йилдаги ЎРҚ–421-сон “Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун эълон қилинди. Ҳужжат “Халқ сўзи” газетасида чоп этилган бўлиб, 1.04.2017 йилда кучга киради.

Умумий шартлар ва жазо муддатлари

 

Жиноий жазолар тизимига янги — мажбурий жамоат ишлари киритилди. У маҳкумни бепул ижтимоий фойдали ишларга мажбурий жалб этишдан иборат. Агар маҳкум ишлаётган ёки ўқиётган бўлса, мажбурий жамоат ишлари иш ёки ўқишдан бўш вақтларда ўталади.

 

Жазо 120 соатдан 480 соатгача бўлган муддатга тайинланади ва 6 ой мобайнида, маҳкумга боғлиқ бўлмаган ҳолатларда эса 1 йилгача бўлган муддатда кунига 4 соатдан кўп бўлмаган вақтда ўталади.

 

Меҳнатга лаёқатли вояга етмаганлар учун ушбу муддат 60 дан 240 соатгача бўлган муддатни ташкил этади. 16 дан 18 гача бўлган ёшдаги шахслар учун ижронинг давомийлиги – 6 ой мобайнида, маҳкумга боғлиқ бўлмаган ҳолатларда эса – 1 йилгача кунига 2 соатдан ўталади. Бунда улар томонидан бажарилаётган ишлар соғлиғига ва маънавий жиҳатдан ривожланишига зарар етказмаслиги, ўқиш жараёнини бузмаслиги лозим.

 

Жазонинг бу тури:

  • пенсия ёшига етганлар;
  • 16 ёшга тўлмаганлар;
  • ҳомиладор аёллар;
  • уч ёшга тўлмаган болалари бор аёллар;
  • I ва II гуруҳ ногиронлари;
  • ҳарбий хизматчилар;
  • чет эл фуқаролари ва Ўзбекистонда доимий яшамайдиган шахсларга нисбатан қўлланилмайди.

 

Маҳкум жазони ўташдан бўйин товлаган тақдирда, суд мажбурий жамоат ишларининг ўталмаган муддатини мажбурий жамоат ишларининг 4 соатини озодликни чеклашнинг ёки озодликдан маҳрум қилишнинг 1 кунига тенглаштирган ҳолда ҳисоблаб, озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо билан алмаштиради.

 

Бундан ташқари, маҳкум жаримани тўлашдан бош тортганда янада қатъийроқ жазо қўлланилади. Бундай ҳолатда ҳисоб-китоб қуйидаги тартибда олиб борилади: ЭКИҲнинг 1 баробарига тенг жарима суммасига 2,5 соат, аммо 480 соатдан ошмаслиги керак (вояга етмаганлар учун – ЭҚИҲнинг 1 баробари учун 2 соат).

 

Шунингдек, ҳар хил турдаги асосий жазоларни қўшганда озодликдан маҳрум қилишнинг бир куни  мажбурий жамоат ишларининг 4 соатига тўғри келади.

 

Мажбурий жамоат ишлари тарзидаги жазо Жиноят кодексининг шахсга қарши, иқтисодиёт, экология соҳасидаги, шунингдек ҳокимият, бошқарув ва жамоат бирлашмаларининг фаолият тартибига қарши, жамоат хавфсизлик ҳамда жамоат тартибига қарши жиноятлар учун жавобгарликни регламентловчи моддаларига киритилди.

 

Ижро этиш тартиби

 

Мазкур турдаги жазони ижро этиш маҳкумнинг яшаш жойидаги ички ишлар органларининг жазоларни ижро этиш инспекцияси томонидан амалга оширилади. Маҳкум мажбурий жамоат ишларини ўташи мумкин бўлган жойлар (объектлар) ва мажбурий жамоат ишларининг турлари жазоларни ижро этиш инспекциялари томонидан маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг таклифига кўра белгиланади.

 

Мажбурий жамоат ишларига ҳукм қилинган шахс жазони ўташга суднинг ҳукм қонуний кучга кирганлиги ҳақидаги хабарномаси жазоларни ижро этиш инспекциясига келиб тушган кундан эътиборан 10 кундан кечиктирмай жалб қилинади.

 

Кўрсатилишича, маҳкумга асосий иш жойидан навбатдаги ҳар йилги меҳнат таътилининг берилиши мажбурий жамоат ишлари тариқасидаги жазонинг ижросини тўхтатиб турмайди.

 

Жазони ўташ жараёнида маҳкум қуйидагиларга мажбур:

  • суднинг ҳукми, ажрими ёки қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан 10 кун ичида яшаш жойидаги жазоларни ижро этиш инспекциясида ҳисобга туриши;
  • мажбурий жамоат ишларини бажариш ва ўташ шартларига риоя этиши;
  • ўзи учун белгиланган жойда (объектда) ишлаши ҳамда мажбурий жамоат ишларининг белгиланган муддатлари ва ҳажмларини ишлаб бериши;
  • мажбурий жамоат ишларини ўташ жойидаги (объектидаги) ташкилотнинг (органнинг) ички меҳнат тартиби қоидаларига риоя этиши, меҳнатга виждонан муносабатда бўлиши;
  • яшаш жойи ўзгарганлиги ҳақида жазоларни ижро этиш инспекциясини хабардор қилиши, шунингдек унинг чақирувига биноан етиб келиши шарт.

 

Мажбурий жамоат ишлари вақти дам олиш кунлари ва маҳкум ўқишда ёки асосий ишда банд бўлмаган кунлари 4 соатдан ошмаслиги керак (вояга етмаганлар учун – 3 соат). Иш кунлари, ўқув дарслари (машғулотлар) ўтказиладиган кунлари эса, иш/ўқишдан олдин ёки кейин 2 соатдан, маҳкумнинг илтимосига кўра эса, 4 соатдан ошмаслиги (вояга етмаганлар учун – 2 соат, ҳафтасига 3 кундан ошмаслиги) лозим.

 

Маҳкум ўтайдиган мажбурий жамоат ишларининг вақти, қоида тариқасида, ҳафтасига 12 соатдан кам бўлмаслиги лозим. Бироқ, маҳкумга боғлиқ бўлмаган ҳолатлар юзага келган тақдирда, жазоларни ижро этиш инспекцияси маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан келишилган ҳолда маҳкумга ҳафта ёки ой мобайнида мажбурий жамоат ишлари соатларининг камроқ миқдорини ишлаб бериш учун рухсат этишга ҳақли.

 

Қуйидагилар мажбурий жамоат ишларини ўташдан бўйин товловчилар деб эътироф этилади:

  • 10 кун ичида ҳисобга турмаган, шунингдек жазони ўташдан бўйин товлаш мақсадида яширинган маҳкум;
  • ёзма огоҳлантириш олганидан сўнг, ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолатлар мавжуд бўлмаса-да, мажбурий жамоат ишларида 1 ой давомида 2 мартадан кўп иштирок этмаган маҳкум;
  • ёзма огоҳлантириш олганидан сўнг мажбурий жамоат ишларини ўташ жойидаги (объектидаги) ташкилотнинг (органнинг) ички меҳнат тартиби қоидаларини 1 ой давомида 3 мартадан кўп бузган маҳкум.

 

Жазони ўташдан бўйин товлаётган маҳкумнинг турган жойи номаълум бўлган тақдирда, унга нисбатан қидирув эълон қилинади.

 

Мазкур ҳужжатнинг матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.

 

Олег ЗАМАНОВ,
 экспертимиз.

 

 

Валюталар курси

2024-12-02
  • USD:12852.00 (+0.00) сум
  • EUR:13569.14 (+0.00) сум
  • RUB:118.99 (+0.00) сум

Янги сонларда ўқинг

2024, 26 ноябрь№ 48