Вазирлар Маҳкамасининг 03.08. 2024 йилдаги "Мажбурий рақамли маркировкалаш лозим бўлган товарларнинг чакана савдосини тартибга солиш тўғрисида"ги ВМҚ-478-сонли қарори қабул қилинди.
Солиқ қўмитасига 2024 йил 1 сентябргача алкоголь ва тамаки маҳсулотлари, пиво, дори-дармонлар ва маиший техника воситаларининг чакана савдоси билан шуғулланувчи корхоналарни Asl Belgisi миллий тизимида рўйхатдан ўтказилишини назорат қилиш топширилди.
Рақамли маркировка қўйилиши лозим бўлган товарларнинг чакана савдоси билан шуғулланувчи хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини тўхтатган тақдирда, улар бу ҳақда туман (шаҳар) солиқ инспекциясига бир ой олдин хабар беришлари керак. Бунда солиқ органи 3 кун ичида савдо учун йиғимларнинг тўланганлигини текширади, шунингдек, пиво, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари қолдиқларини инвентаризация қилади.
2026 йил 1 августгача Солиқ қўмитаси контрафакт маҳсулотлар ва сохта маркировка қўйилган товарларни мажбурий мусодара қилиш, шунингдек, уларни ишлаб чиқариш, импорт қилиш ёки сотиш учун жиноий жавобгарлик киритиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади.
Тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2024 йил 1 ноябргача рақамли маркировка қўйилган маҳсулотларни фақат нақд пулсиз шаклда улгуржи сотиш талабини назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини тайёрлаш режалаштирилган.
Бундан ташқари, хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда улгуржи ва чакана савдо, шунингдек, маркировка қоидаларини тартибга солувчи "Савдо тўғрисида"ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.
Ҳужжат билан "Мажбурий рақамли маркировкани жорий этиш жараёнларини тезлаштириш бўйича тадбирлар режаси" тасдиқланди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида давлат тилида эълон қилинган ва 2024 йил 5 августдан кучга кирган.
Лола Абдуазимова