Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш материалларини қайтариш учун асослар мустаҳкамланган. 29.01.2018 йилдаги ЎРҚ-463-сон Қонун билан тегишли қўшимчалар киритилди.
Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомани тузган органга (мансабдор шахсга) иш материаллари учта ҳолатда қайтарилиши мумкин.
Биринчидан, агар маъмурий иш уни олган органга ёки мансабдор шахсга тааллуқли бўлмаса (судловига тегишли бўлмаса).
Масалан, шартнома интизомини бузганлик (шартнома мажбуриятларини бажармаслик ёки лозим даражада бажармаслик оқибатида хўжалик юритувчи субъектларга мулкий зарар етказиш) учун маъмурий жарима иқтисодий суд томонидан солинади. Шу сабабли маъмурий судга йўлланган ушбу тоифадаги ишлар бўйича материаллар қайтарилиши лозим.
Иккинчидан, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома МЖТКнинг 281-моддаси талабларига мувофиқ келмаса.
Баённомада келгусида ишни кўриб чиқиш учун аҳамиятга эга бўлган маълумотлар: ҳуқуқбузар, баённомани тузган шахс, гувоҳлар (агар улар бўлса) тўғрисидаги маълумотлар, ҳуқуқбузарликнинг моҳияти ҳамда унинг учун жавобгарликни назарда тутувчи норматив ҳужжат ва ҳ.к. акс эттирилади. Баённома уни тузган шахс ва ҳуқуқбузар (агар бош тортса, баённомага бу ҳақда ёзиб қўйилади), эҳтимолий гувоҳлар ва жабрланувчилар томонидан имзоланади. Бундан ташқари, ҳуқуқбузарга унинг ҳуқуқ ва бурчлари тушунтирилганлиги хусусида баённомага ёзиб қўйилади.
Учинчидан, олинган материалларда қонунга кўра баённомага илова қилиниши шарт бўлган ҳужжатлар ёхуд ашёвий далиллар мавжуд бўлмаса.
1) Тузатишлар билан мажбурий тартибда йиғиладиган ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомага илова қилинадиган ҳужжатлар рўйхати белгиланди. Содир этилган ҳуқуқбузарлик турига қараб иш материалларида нималар бўлиши шартлиги ҳақида бу ерда ёзилган.
2) МЖТКда ашёвий далилларга таъриф берилмаган. Назарияда – бу иш учун аҳамиятга молик ҳолатларни белгилаш воситаси бўлиб хизмат қила олувчи, жисмоний аломатлар ёки белгиларга эга бўлган ҳар қандай предмет.
Фикримизча, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар бўйича шу жумладан қуйидагилар ашёвий далил бўла олади:
- ҳуқуқбузарлик содир этиш қуроли ёки бевосита предмети. Масалан, қурол-яроғ, қопқонлар, тўрлар ҳамда бошқа ов қилиш ва балиқ тутиш қуроллари (МЖТКнинг 90-моддаси бўйича) ёки ғайриқонуний ов маҳсулотлари (МЖТКнинг 63-моддаси бўйича);
- ҳуқуққа зид қилмишлар объектларига айланган предметлар. Масалан, зарар етказилган мол-мулк (МЖТКнинг 622-моддаси бўйича) ёки корхоналар, муассасалар ва ташкилотлардан ўғирланган мол-мулк (МЖТКнинг 61-моддаси).
Бу – муҳим! Иш материаллари қайтариладиган ва юқорида санаб ўтилган камчиликлар бартараф этиладиган пайтда қонунда белгиланган ишни кўриб чиқиш ва жазони қўллаш муддатлари (МЖТКнинг 36 ва 305-моддалари) тўхтатиб турилмайди.
Қонун «Халқ сўзи» газетасида эълон қилинган ва 1.04.2018 йилдан кучга киради.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни, шарҳлар ва у билан боғлиқ бошқа қонун ҳужжатларига ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари» ахборот-қидирув тизимида яқинда танишиш мумкин.
Олег Заманов.