12.04.2017 йилдаги ЎРҚ-428-сон Қонун билан Фуқаролик процессуал ҳамда Хўжалик процессуал кодексларига тузатишлар киритилди. Ўзгартиш ва қўшимчалар 1.06.2017 йилдан кучга киради.
Маъмурий судга қандай шикоятларни юбориш керак
Кўрсатилишича, маъмурий судларда суд ишларини юритиш фуқаролик суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган қоидаларга биноан амалга оширилади. Бунда маъмурий судларга давлат органларининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, шунингдек улар мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан берилган, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган шикоят ва аризалар бўйича ишлар тааллуқлидир.
Бир-бири билан боғлиқ бўлиб, баъзилари фуқаролик ишлари бўйича судга, баъзилари эса, маъмурий судга тааллуқли бўлган бир қанча талаблар бирлаштирилганида, бу талабларнинг ҳаммаси фуқаролик ишлари бўйича судда кўрилади.
Давлат органларининг ва бошқа органларнинг, шунингдек мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан берилган шикоятлар бўйича ишлар тоифаси кенгайган. Энди уларга қуйидаги ишлар киради:
- жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини бузувчи хатти-ҳаракатлар ва қарорлар устидан берилган шикоятлар;
- сайлов комиссиясининг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан берилган шикоятлар;
- нотариуснинг ёки фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд қилиш органларининг ҳаракатларни бажаришни рад этганлиги ёхуд уларни нотўғри бажарганлиги устидан берилган шикоятлар;
- прокурорнинг ҳуқуқий ҳужжатни ғайриқонуний деб топиш тўғрисидаги аризаси;
- ваколатли органнинг жисмоний ва юридик шахсларнинг манфаатларини кўзлаб берилган аризалари;
- давлат органининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг ҳужжатини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги аризалар бўйича ишлар.
Ушбу тоифалар бўйича шикоятлар билан умумий процессуал тартиб татбиқ этилган юридик шахслар ҳам мурожаат этишлари мумкин.
Иқтисодий ишлар қандай тартибда кўрилади
Хўжалик процессуал кодексида ишларни кўриб чиқишнинг янги тартиби белгиланган.
1. Биринчи инстанцияда улар туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судлари томонидан кўрилади.
Республика бошқарув органлари билан маҳаллий вакиллик ва ижроия ҳокимияти органлари ўртасидаги иқтисодий битимлардан келиб чиқадиган низолар Олий суд томонидан кўрилади.
Бунда Олий суд алоҳида ҳолатларни эътиборга олган ҳолда ҳар қандай ишни исталган суддан олиб қўйиш ва уни биринчи инстанция бўйича ўзининг иш юритишига қабул қилишга, ишни бир суддан бошқасига ўтказишга ҳақли.
2. Апелляция шикоятини (протестини) кўришни Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар иқтисодий судлари амалга оширади.
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар иқтисодий судлари томонидан биринчи инстанцияда қабул қилинган ҳал қилув қарори устидан берилган апелляция шикоятини (протестини) биринчи инстанцияда ҳал қилув қарорини қабул қилган суд кўради.
3. Кассация инстанциясида қабул қилинган ҳал қилув қарорларининг қонунийлигини Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар иқтисодий судлари иқтисодий ҳамда биринчи инстанцияда қабул қилинган ҳал қилув қарорларининг қонунийлигини - Олий суднинг Раёсати текширади.
Апелляция ва кассация шикоятлари (протестлар) қарор қабул қилган суд орқали берилади.
4. Протестлар бўйича ишларни назорат тартибида қуйидагилар кўради:
- Олий суднинг судлов ҳайъати - барча иқтисодий судларнинг ҳал қилув қарорлари ва қарорлари устидан келтирилган протестлар бўйича;
- Олий суд Раёсати - барча иқтисодий судларнинг ҳал қилув қарорлари ва қарорлари ҳамда Олий суд судлов ҳайъатининг назорат тартибида чиқарган қарорлари устидан келтирилган протестлар бўйича.
Протест келтиришга қуйидагилар ҳақли:
- Олий суднинг Раиси ва Бош прокурор - ҳар қандай иқтисодий суд қабул қилган, қонуний кучга кирган ҳал қилув қарорлари ва қарорлар устидан;
- Олий суд Раисининг ўринбосарлари ва Бош прокурорнинг ўринбосарлари - ҳар қандай иқтисодий суд қабул қилган, қонуний кучга кирган ҳал қилув қарорлари ва қарорлар устидан, бундан Олий суд Раёсатининг қарорлари мустасно.
Бу муҳим! Олий судга Бош прокуратура, Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда Иқтисодий процессуал кодекс, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс, янги таҳрирдаги Фуқаролик процессуал кодекси лойиҳаларини тайёрлаш ва Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасига киритиш топширилди (1.09.2017 йилгача).
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Олег ЗАМАНОВ,
экспертимиз.