29.01.2018 йилдаги ЎРҚ–463-сон Қонун билан маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича жазо чораларини енгиллаштириш учун қўшимча имкониятлар яратилди.
Чунончи, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг (бундан кейин – МЖТК) 33-моддасига қўшимча киритилди. Унда белгиланишича, маъмурий суд МЖТКнинг Махсус қисмидаги моддада назарда тутилмаган бошқа янада енгил жазо тайинлашга ҳақли. Бу ҳолда у МЖТКнинг 23-моддасида санаб ўтилган маъмурий жазо турлари орасидан танланади.
Масалан, транспорт воситасини алкоголли ичимликдан, гиёҳванд модда таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст ҳолда бошқариш транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан 1 йилу 6 ойдан 3 йилгача муддатга маҳрум этишга сабаб бўлади (МЖТКнинг 131-моддаси).
Жавобгарликни енгиллаштирувчи ҳолатлардан (МЖТКнинг 31-моддаси) бири мавжуд бўлса, шунингдек ҳуқуқбузарнинг моддий аҳволини ҳисобга олган ҳолда «ҳуқуқдан маҳрум этиш» ўрнига жарима тайинланиши мумкин. Агар ҳайдовчи кимнидир шифохонага олиб боришни кўзлаб маст ҳолда машинани бошқарган бўлса, бундай қилиш ўринли. Илгари суд шахснинг транспорт воситасини бошқаришига йўл қўймаслик муддатини камайтириш ҳуқуқигагина эга эди. Бироқ ушбу жазо чорасини жаримага алмаштиришга рухсат берилмас эди.
Маълумот учун. Юридик амалиётда қабул қилинганидек, МЖТКнинг 23-моддасидаги маъмурий жазо турлари енгилроғидан бошланиб, тобора қатъийроқ тус олади: жарима; маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроли ҳисобланган ёки бевосита шундай нарса бўлган ашёни ҳақини тўлаш шарти билан олиб қўйиш; маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроли ҳисобланган ёки бевосита шундай нарса бўлган ашёни мусодара қилиш; муайян шахсни унга берилган махсус ҳуқуқдан (транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан, ов қилиш ҳуқуқидан) маҳрум этиш; маъмурий қамоққа олиш; чет эл фуқароларини ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан маъмурий тарзда чиқариб юбориш.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида расман эълон қилинган ва 1.04.2018 йилдан кучга киради.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни, шарҳлар ва у билан боғлиқ бошқа қонун ҳужжатларига ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Самир Латипов.