Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Ветеринария клиникалари ва оптика салонларини ҚҚСга ўтказиш асослими Электромобилларни қувватлантириш фаолиятига қандай солиқлар солинади Қарз олувчида даромад ва харажатлар қандай ҳисобга олинади ва солиққа тортилади Қарз олувчида даромад ва харажатлар қандай ҳисобга олинади ва солиққа тортилади

Маъмурий судлар қандай ишларни кўриб чиқади

30.01.2018

Ушбу шарҳда – қабул қилинган Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексга биноан маъмурий судларнинг тааллуқлилиги тўғрисида.

 

Эслатиб ўтамиз, Президентнинг 21.10.2016 йилдаги ПФ-4850-сон ва 21.02.2017 йилдаги ПФ-4966-сон Фармонлари, шунингдек 12.04.2017 йилдаги ЎРҚ-428-сон Қонун билан маъмурий судларни ташкил этиш кўзда тутилган. Уларнинг ишини ташкил этиш учун янги Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексни (бундан кейин - МСИЮтК) ишлаб чиқиш ва қабул қилиш талаб этилди.

 

МСИЮтК маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича суд ишларини юритишга татбиқ этилмайди

 

 Маъмурий жазоларни қўллаш илгаригидек Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс (бундан кейин - МЖтК) бўйича амалга оширилади. Гап шундаки, маъмурий судлар ўз ҳуқуқий табиатига кўра 2 та ҳар хил ишлар тоифасини кўриб чиқади:

 

а) оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек уларнинг мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан берилган шикоят ва аризалар бўйича маъмурий низолар – яъни муҳокама ташаббускори – ўз ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилаётган хусусий шахс (1.04.2017 йилгача ФПКнинг 3-кичик бўлими билан тартибга солинади);

 

б) қонун билан уларнинг ваколатига киритилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар (МЖтКнинг 245-моддасига қаранг) – бу ерда, аксинча, давлат органи ташаббускор бўлади, хусусий шахс эса ҳуқуқбузарлик содир этишда айбланади ва уни жазолаш тўғрисидаги масала кўриб чиқилади.

 

Ишларнинг мазкур 2 турини шунчаки айни принциплар ва қоидалар асосида кўриб чиқишнинг имкони йўқ. Бундан ташқари, ушбу босқичда маъмурий жазо қўллаш ҳуқуқини тўлиқ судларга ўтказиш тўғрисида гап бораётгани йўқ. Шу боис маъмурий судларнинг иккита кодекс бўйича ишлаши тўғрисидаги қарор ўзини оқлаган ва мантиқлидир.

 

Фуқаролик, иқтисодий ва ҳарбий судлар билан тааллуқлилик бўйича чегаралари

 

Юқорида айтиб ўтилган ишларнинг икки тоифасидан биринчиси доирасида маъмурий суднинг тааллуқлилиги қуйидаги тарзда белгиланди. У маъмурий ва бошқа оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги ишларни кўриб чиқади.

 

Бунда қуйидагиларга тааллуқли ишлар кўриб чиқилмайди:

  • Конституциявий суд – “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонуннинг 4-моддасига қаранг;
  • фуқаролик ишлари бўйича судлар – Фуқаролик процессуал кодекси янги таҳрирининг 26-моддасига қаранг (1.04.2018 йилда кучга киради);
  • иқтисодий судлар – янги Иқтисодий процессуал кодекснинг 25-моддасига қаранг (1.04.2018 йилда кучга киради);
  • ҳарбий судлар – “Судлар тўғрисида”ги Қонуннинг 41-моддасига қаранг.

 

Фуқаролар ва юридик шахслар идоравий НҲҲлар юзасидан Олий судда низолашиши мумкин

 

МСИЮтК томонидан белгилаганларга алоҳида тўхталиб ўтамиз:  фуқаролар ва юридик шахслар идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатни (НҲҲ) тўлиқ ёки бир қисмини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида Олий судга ариза билан мурожаат қилишга ҳақли. Яъни гап давлат бошқаруви органлари томонидан қабул қилинган НҲҲ тўғрисида боряпти. Бунда таомилга доир масалалар батафсил баён этилган.

 

Эслатиб ўтамиз, Олий суд Пленумининг 19.07.1996 йилдаги 18-сон “Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини бузадиган хатти-ҳаракатлар ва қарорлар устидан келтирилган шикоятларни судларда кўриш амалиёти тўғрисида”ги қарорининг 6-бандига биноан илгари ҳам фуқаролик ишлари бўйича судларда умумнорматив тусидаги ҳужжатлар юзасидан низолашишга рухсат бериларди. Бироқ, аниқ баён қилинган механизмларнинг мавжуд эмаслиги туфайли бундай амалиёт кам татбиқ этилганди.

 

Биринчидан, давлат бошқаруви органлари томонидан қабул қилинган НҲҲнинг конституциявийлиги ва қонунийлигини текшириш бирор-бир суднинг ваколатларида аниқ баён қилинмаган эди.  Конституцияда, 30.08.1995 йилдаги 103-I-сон эски “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Қонунда ва унинг ўрнига келган 31.05.2017 йилдаги ЎРҚ-431-сон “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонунда идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни кўриб чиқиш Конституциявий суднинг ваколатларидан “тушиб қолди”. У томондан кўриб чиқиладиган ҳужжатларни, шу жумладан Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, Олий Мажлис палаталари қарорлари, Президентнинг, Ҳукуматнинг ва  маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қонуности ҳужжатларини санаб ўтишда идоравий НҲҲ тушириб қолдирилган.

 

Маълумот учун:  Конституциявий суд ўз тарихида фақат бир марта идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат тўғрисидаги ишни кўриб чиққан (1998 йилда, батафсил – бу ерда). Фуқаролар ва юридик шахслар эса унинг кўриб чиқиши учун масалаларни киритишга ҳақли эмас.

 

Ўз навбатида, фуқаролик ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судларнинг тааллуқлилиги бўйича (жумладан Олий суд фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати ва собиқ Олий хўжалик суди)  идоравий НҲҲни кўриб чиқиш тўғридан-тўғри баён этилмаган.

 

Иккинчидан, 2015 йилда “Прокуратура тўғрисида”ги Қонуннинг 14-моддасига Бош прокурорнинг давлат бошқаруви органлари ва ҳокимларнинг ҳужжатлари қонунчиликка мувофиқ келмаса ёки фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини жиддий равишда камситаётган бўлса, бу ҳужжатларни тўхтатиб туриш ёхуд бекор қилиш тўғрисида Президентга таклифлар киритиш ваколати киритилди. Бу фуқаролик ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судларнинг идоравий НҲҲни ҳақиқий эмас деб топиш ваколатлари тўғрисидаги ҳуқуқий нормаларни талқин этишда қўшимча қийинчиликлар туғдиради.

 

Энди мазкур ноаниқликлар бартараф этилди. Бироқ, Олий суднинг ваколати фақат идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан чекланганлигига эътибор қаратамиз. Қолган барча НҲҲ – Конституциявий суд тааллуқлилиги бўйича.

 

Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин. 



 Самир Латипов.