Вазирлар Маҳкамасининг 6.04.2018 йилдаги 271-сон қарори билан Миллий маданиятимиз ривожига катта ҳисса қўшган санъаткорларни ҳамда ўзбек санъатини дунё саҳналарида муваффақиятли намойиш этиб келаётган ёшларни Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Санъаткорларни мукофотлаш, шунингдек сертификат бланкасини тайёрлаш учун харажатлар Давлат бюджетидан Маданият вазирлигига маданий тадбирларни молиялаштириш учун ажратиладиган маблағлар ҳисобига молиялаштирилади.
Миллий маданиятимиз ривожига катта ҳисса қўшган санъаткорларни, шунингдек жаҳон миқёсидаги нуфузли кўрик-танлов ва фестивалларда юқори ўринларни эгаллаган, ўзбек санъати ва маданиятини дунё саҳналарида муваффақиятли намойиш этиб келаётган ёшларни рағбатлантириш тавсия этилади.
Мукофотлашга, қоида тариқасида, қуйидаги маданият соҳаси вакиллари тавсия этилади:
- композитор, бастакор ва санъатшунослар;
- театр, кино ва оммавий тадбирлар актёрлари, режиссёрлари;
- дирижёрлар, балетмейстерлар;
- мусиқа, хор, рақс, цирк, оркестр, ансамбль ижрочилари ва ушбу жамоаларнинг бадиий раҳбарлари;
- достон ижрочилиги намояндалари;
- шоир ва ёзувчилар;
- музей ҳамда моддий ва номоддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш соҳасида фаолият кўрсатаётган ходимлар;
- тасвирий ва амалий санъат вакиллари, дизайнерлар.
Мукофотлашга маданият соҳасининг бошқа йўналишларида фаолият юритаётган номзодлар ҳам тавсия этилиши мумкин.
Номзодларни кўриб чиқиш ва танлаб олиш икки босқичда амалга оширилади:
1) ҳудудий даражада – ҳудудий комиссиялар томонидан;
2) республика даражасида – ҳудудий комиссиялар тавсия этган номзодлар орасидан республика комиссияси томонидан (ишчи орган – Маданият вазирлиги).
Республика комиссиясининг шахсий таркиби ва ҳудудий комиссияларнинг намунавий таркиби ҳужжат билан тасдиқланган.
Мукофотлашга тавсия этилаётган номзодлар қуйидаги мезонлар асосида танлаб олинади:
- Ўзбекистон Республикасида доимий истиқомат қилган ҳолда ижодий фаолият юритаётганлиги;
- жаҳон миқёсидаги кўрик-танлов ва фестивалларда юқори ўринларни (1-4 ўринлар) эгаллаганлиги;
- ўзбек санъати ва маданиятини дунё саҳналарида мунтазам равишда муваффақиятли намойиш этиб келаётганлиги;
- муносиб ижодий кадрларни тайёрлаганлиги, ўзининг ўқув адабиётлари, илмий ишлари, катта илмий тажрибаси билан уларни тарбиялашга салмоқли ҳисса қўшганлиги (миллий санъат ва маданият ривожига катта ҳисса қўшган санъаткорлар учун);
- сўнгги 5 йил мобайнида маданият ва санъат соҳасини ривожлантириш йўлидаги ижоди билан бир қаторда миллий истиқлол ғоялари ва маданий-маънавий қадриятларни ёшларга сингдириш ва эътиқодини юксалтиришдаги ибратли хизмати ва ёшларнинг алоҳида ютуқлари.
Маданият ва санъат соҳасидаги ташкилотлар тавсия этган номзодларнинг ҳужжатлари 1 июнга қадар ҳудудий комиссиянинг ишчи органига тақдим этилади. Номзод, унинг ота-онаси (унинг ўрнини босувчи шахслар) фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг тавсияномасини комиссиянинг ишчи органига тақдим этиши мумкин.
Ҳудудий комиссия тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиб, уч нафар номзодни танлаб олади ва уларнинг ҳужжатларини 15 июнга қадар республика комиссиясига юборади. У ерда тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиш якунларига кўра 20 нафар номзод аниқланади, улар 1 июлга қадар келишиш учун Президент Девонига тақдим этилади.
Келишилган танлов ғолиблари республика комиссиясининг тегишли қарори билан тасдиқланади. Улар ЭКИҲнинг 50 баравари миқдорида бир марталик пул мукофоти билан моддий рағбатлантирилади ва уларга мукофотланганлик тўғрисида сертификат топширилади. Мукофотлаш маросими ҳар йили Мустақиллик байрами арафасида ўтказилади. Мукофотланганлар рўйхати ОАВда эълон қилинади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 9.04.2018 йилдан кучга кирди.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни, шарҳлар ва у билан боғлиқ бошқа қонун ҳужжатларига ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Анвар Иркахўжаев.