Президентнинг 4.01.2018 йилдаги ПҚ–3459-сон «Қишлоқ хўжалигининг техник жиҳозланиш даражасинн янада ошириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори эълон қилинди.
2018 йилда баҳорги агротехника ишларини ўтказиш учун жами 5 778 та қишлоқ хўжалиги техникасини, шу жумладан:
- 758 та ҳайдов трактори ва 1 500 та чопиқ трактори;
- 330 та боғдорчиликка мўлжалланган трактор;
- 2790 та осма ва тиркама қишлоқ хўжалиги техникаси;
- бошоқли дон экинлари ҳосилини ўриб-йиғиб олиш бошланишигача — 400 та ғалла ўриб-йиғиб олиш комбайнларини етказиб бериш режалаштирилган.
Мамлакатимиз корхоналари томонидан 4 840 та техника ишлаб чиқарилади. Техника тасдиқланган мақсадли параметрлар бўйича республика вилоятларига етказиб берилади.
Етказиб беришни молиялаштириш
Техникани етказиб бериш қуйидагилар ҳисобига амалга оширилади:
1 – фермер хўжаликлари (кейинги ўринларда - ФМ) ва машина-трактор паркларининг (кейинги ўринларда - МТП) ўз маблағлари;
2 – «Ўзагротехсаноатхолдинг» АЖ ва «Ўзагросервис» АЖ томонидан МТПга тақдим этиладиган қарз маблағлари.
Маълумот учун: «Ўзагротехсаноатхолдинг» АЖ Президентнинг 17.11.2016 йилдаги ПФ-4857-сон Фармони билан ташкил этилган бўлиб, қишлоқ хўжалиги техникалари ишлаб чиқариш, сотиш, сервис хизмати кўрсатиш ҳамда қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларига механизациялаштирилган хизматлар кўрсатишга ихтисослашган. «Ўзагросервис»АЖ «Ўзагротехсаноатхолдинг» АЖ таркибига киради ва қишлоқ хўжалиги техникасига сервис хизмати кўрсатишни ташкиллаштириш ҳамда механизациялаштирилган хизматлар кўрсатиш билан шуғулланади.
3 – «Агробанк» АТБнинг ФМ ва «Ўзагросервис» АЖ таркибига кирувчи МТПларга «Ўзагротехсаноатхолдинг» АЖ ҳамда унинг таркибига кирувчи ташкилотлар томонидан таъминланиши (ишонч хати, мол-мулкни гаровга қўйиш) ҳисобига йиллик 5% ставка бўйича 10 йил муддатга бериладиган кредитлар.
Бир ой муддатда МТП пул маблағларини ажратилган кредитлар ва қарзлар учун ҳисоб-китоб қилишга мақсадли йўналтириш тўғрисидаги низом тасдиқланади.
Бу - муҳим! «Ўзагротехсаноатхолдинг» АЖ таркибига кирувчи МТП учун бюджетга ва мақсадли давлат жамғармаларига мажбурий тўловлар бўйича 2018 йил 1 январь ҳолатига қарзларини тўлаш муддати 2 йилга кечиктирилди.
Шунингдек, ғалла, пахта ва шолининг харид нархларини шакллантиришда механизациялаштирилган хизматлар ҳақини тўлаш тарифлари миқдори қайта кўриб чиқилади.
Тракторлар - ҳокимликларга
Самарқанд ва Сирдарё вилоятлари ҳокимликлари ҳузурида, эксперимент тариқасида, ҳудудий «Агросервис МТП» негизида туман филиаллари билан бирга (ДУК шаклида) МТП ташкил этилади. Жорий йилда ўтказиладиган эксперимент натижалари бўйича кейинчалик уни амалиётга жорий этиш масаласи ҳал этилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида расман эълон қилинган ва 4.01.2018 йилда кучга кирди.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Ленара Хикматова.