Президентнинг 4.05.2017 йилдаги ПФ–5033-сон Фармони билан туризм соҳасидаги бизнес-субъектларга қўшимча имтиёзлар берилди.
Шу тариқа жорий йилнинг 1 июнидан бошлаб меҳмонхона ва туристик хизматлар учун тўғридан-тўғри хусусий хорижий инвестициялар учун тақдим этиладиган имтиёзлар татбиқ этилади.
Маълумот учун: имтиёзлар юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи, мол-мулк солиғи, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи, микрофирмалар ва кичик корхоналар учун ЯСТ ҳамда Республика йўл жамғармасига мажбурий ажратмалардан озод этишдан иборат бўлиб, тўғридан-тўғри хусусий хорижий инвестицияларнинг қуйидаги ҳажмида амал қилади:
- 300 мингдан 3 млн АҚШ долларигача — 3 йил;
- 3 млн.дан 10 млн АҚШ долларигача – 5 йил;
- 10 млн АҚШ долларидан ортиқ – 7 йил.
Бундан ташқари, юридик шахслар тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича мамлакатимизда ишлаб чиқарилмайдиган меҳмонхона ва мотеллар қуриш ва реконструкция қилиш учун олиб келинадиган асбоб-ускуналар, техникалар, бутловчи буюмлар, эҳтиёт қисмлар ва материаллар учун 5 йилга божхона тўловларидан озод этилади (божхонада расмийлаштириш йиғимлари бундан мустасно).
Тегишли қўшимчалар Президентнинг қуйидаги Фармонларига киритилди:
- 11.04.2005 йилдаги ПФ–3594-сон “Тўғридан-тўғри хусусий хорижий инвестицияларни жалб этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони;
- 2.12.2016 йилдаги ПФ–4861-сон “Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Олег Заманов,
экспертимиз.