Вазирлар Маҳкамасининг 28.07.2021 йилдаги 470-сон қарори билан Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳарбий хизматчисининг (ходимининг) ёки унинг яқин қариндошлари мол-мулкига унинг хизмат мажбуриятларини бажариши билан боғлиқ ҳолда етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Ҳужжат "Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси тўғрисида"ги Қонунга мувофиқ қабул қилинган.
Маълумот учун! Миллий гвардия ҳарбий хизматчисининг (ходимининг) ёки унинг яқин қариндошларининг мол-мулкига хизмат мажбуриятларини бажариши туфайли етказилган зарарнинг ўрни Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тўлиқ ҳажмда қопланади, ушбу сумма кейинчалик айбдор шахслардан ундириб олинади ("Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси тўғрисида"ги Қонуннинг 38-моддаси).
Низом қуйидагиларни назарда тутади:
- етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш масаласини кўриб чиқиш учун Миллий гвардия органларида комиссиялар ташкил этиш ва етказилган зарарни қоплаш бўйича келиб тушган аризаларни кўриб чиқиш тартиби;
- етказилган зарарни қоплаш бўйича тегишли ҳужжатларни ҳамда зарар ҳарбий хизматчи (ходим) хизмат мажбуриятларини бажариши билан боғлиқ ҳолда етказилганлигини ўрганиш тартиби;
- ҳужжатларни кўриб чиқиш натижаси бўйича комиссия қарорини ҳарбий хизматчи (ходим) ёки унинг яқин қариндошларига етказиш;
- етказилган зарарнинг ҳақиқий суммасини баҳолаш ташкилотини жалб қилган ҳолда, мол-мулкига зарар етказилган шахснинг иштирокида бозор нархларидан келиб чиққан ҳолда аниқлаш тартиби;
- етказилган зарарни қоплаш, у билан боғлиқ харажатларни бюджет маблағлари доирасида амалга ошириш ҳамда ушбу суммани кейинчалик айбдор шахслардан ундириб олиш тартиби.
Низомга асосан ҳарбий хизматчи (ходим) ёки унинг яқин қариндошлари зарар ўрнини қоплаш учун Миллий гвардия органлари раҳбарига ариза билан мурожаат қилади. Миллий гвардия органлари раҳбари зарарни ўрнини қоплаш тўғрисида ариза тушган кундан бошлаб бир кун ичида масалани ўрганиб чиқиш учун комиссияга тақдим этади.
Комиссия зарарни ўрнини қоплаш тўғрисидаги масалани 10 кун ичида, қўшимча ҳужжатларни ўрганиш талаб этилганда эса 20 кун ичида кўриб чиқади ва натижаси бўйича қарор қабул қилади.
Комиссия қарори уч кун муддатда манфаатдор шахсларга - ҳарбий хизматчи (ходим) ёки унинг яқин қариндошларига етказилади.
Комиссиянинг қарори қабул қилингандан сўнг Миллий гвардия органлари томонидан 10 кун муддатда манфаатдор шахсларга - ҳарбий хизматчи (ходим) ёки унинг яқин қариндошларига етказилган зарар қоплаб берилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 28.07.2021 йилдан кучга кирди.
Наргиза Воҳидова.