Вазирлар Маҳкамасининг 8.01.2018 йилдаги 13-сон қарори билан Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда бўлишнинг Намунавий қоидалари ва Айрим муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда бўлиш учун ҳақ ундириш тартиби тўғрисидаги Низом тасдиқланди.
Қандай объектлар МЭТҲларга киради
Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар (МЭТҲ) – бу ернинг ва (ёки) сув кенгликларининг устувор экологик, илмий, маданий, эстетик, рекреация ва санитария-соғломлаштириш аҳамиятига молик бўлган, хўжалик мақсадидаги доимий ёки вақтинча фойдаланишдан тўлиқ ёки қисман чиқарилган участкалари.
МЭТҲларнинг қуйидаги тоифалари мавжуд:
- давлат қўриқхоналари;
- мажмуавий (ландшафт) буюртма қўриқхоналари;
- табиат боғлари;
- давлат табиат ёдгорликлари;
- айрим табиий объектлар ва мажмуаларни сақлаб қолиш, такрор кўпайтириш ва тиклаш учун мўлжалланган ҳудудлар;
- муҳофаза этиладиган ландшафтлар;
- айрим табиий ресурсларни бошқариш учун мўлжалланган ҳудудлар.
Маълумот учун: Ўзбекистондаги МЭТҲлар бу ерда санаб ўтилган. Маълумотлар Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан тақдим этилган ва ўз ичига қуйидагиларни олади: МЭТҲнинг номи ва ташкил этилган йили, унинг жойлашган жойи, идоравий мансублиги ва ҳ.к.
МЭТҲда бўлишга қуйидаги мақсадларда рухсат берилган:
1) Рекреация (инсоннинг саломатлиги ва иш қобилиятини тиклаш). Уюшган ҳолда, экологик туризм йўли билан ёки фуқаролар МЭТҲнинг белгиланган жойларига мустақил келиши билан амалга оширилади;
2) Табиатдан фойдаланиш;
3) Маданий - эстетик, аҳолининг экологик таълим ва тарбияси;
4) Илмий-тадқиқотлар олиб бориш - илмий ташкилотлар, ўқув муассасалари ва алоҳида мутахассислар билан шартнома асосида амалга оширилади.
МЭТҲларда бўлиш – чипта асосида
МЭТҲда бўлиш учун чипта, шу жумладан электрон алоқа воситалари орқали электрон шаклда берилади. Чиптани экотуризм билан шуғулланувчи фирмалар орқали ҳам расмийлаштириш мумкин. Чиптада МЭТҲда бўлишнинг оралиқ вақти кўрсатилади. Агар МЭТҲда бўлиш пулли бўлса, ташриф буюрувчи кечиккан вақти учун мутаносиб равишда белгиланган суммани тўлаши шарт.
Чиптага ҳақ тўлаш бўйича кимда имтиёзлар мавжуд
МЭТҲда бўлиш учун чиптани расмийлаштиришдан олдин ҳар бир ташриф буюрувчидан тасарруфида МЭТҲ бўлган давлат органи, юридик ёки жисмоний шахс қарори асосида бир сутка учун ЭКИҲнинг 5%и миқдорида ҳақ ундирилади.
МЭТҲда бўлиш учун ҳақ тўлаш бўйича имтиёзларга эга айрим ташриф буюрувчилар-Ўзбекистон фуқаролари қуйидаги жадвалда тақдим этилган.
Ҳақ тўлашдан тўлиқ озод этилади |
Белгиланган тўловнинг 50%и миқдорида ҳақ тўланади |
Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва Ногиронлари, шунингдек, уларга тенглаштирилган шахслар |
Умумтаълим мактаблари ўқувчилари |
Иккинчи жаҳон уруши фронт орти меҳнат фахрийлари |
Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ва олий таълим муассасалари талабалари |
I ва II гуруҳ ногиронлари |
|
Меҳнат фахрийлари ва нафақадаги шахслар |
|
«Саховат» интернат-уйлари қарамоғидаги шахслар |
|
7 ёшгача бўлган болалар |
|
«Меҳрибонлик» уйлари ва «Мурувват» болалар интернат-уйлари тарбияланувчилари |
|
Оддий аскар ва сержант таркибига кирувчи лавозимларда муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчилар |
Маълумот учун: муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар режимини бузиш учун фуқароларга ЭКИҲнинг 1 бараваридан 3 бараваригача, мансабдор шахсларга – ЭКИҲнинг 3 бараваридан 5 бараваригача маъмурий жарима солиш назарда тутилган (МЖтКнинг 82-моддаси).
МЭТҲдаги туристик хизматлар – лицензия ва сертификат асосида
МЭТҲда туристик фаолиятни амалга ошириш учун қуйидагилар зарур:
- юридик шахсларга – лицензия олиш ва туристик хизматларни сертификатлаш;
- тасарруфида юридик мақомга эга бўлмаган хусусий буюртма қўриқхоналар ва питомниклар бўлган жисмоний шахсларга, экскурсия хизматлари кўрсатиш қисми бўйича - гид (экскурсовод), йўлбошловчи-инструктор малакавий сертификатини олиш.
Бу - муҳим! 2023 йилнинг 1 январигача давлат МЭТҲда шакллантирилган Бюджет ташкилотларини ривожлантириш жамғармасининг фойдаланилмай қолган маблағлари, шу жумладан уларда бўлиш ва улар томонидан кўрсатилган хизматлар учун тушумлар календарь йил охирида олиб қўйилмайди ва кейинчалик улардан белгиланган тартибда фойдаланилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида расман эълон қилинган ва 10.01.2018 йилда кучга кирди.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Ленара Хикматова.