Президентнинг 4.05.2018 йилдаги «Мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ролини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони имзоланди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
1 июндан ННТнинг фаолият кўрсатиш тартиби соддалаштирилади
Ушбу санадан бошлаб нодавлат нотижорат ташкилотларининг ишлаш қоидалари анча соддалаштирилади.
Биринчидан, рўйхатдан ўтказувчи орган билан тадбирларни келишиш ўрнига режалаштирилаётган тадбирлар ҳақида хабардор қилиш тартиби жорий этилади. Ҳозир «Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида»ги Қонуннинг 8-моддасига мувофиқ ННТ адлия органлари билан тадбирлар ўтказишни келишиб олиши шарт, бунда келишишнинг махсус тартиби амал қилади.
Иккинчидан, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳисобварақларига чет давлатлардан, халқаро ва хорижий ташкилотлардан, чет давлатларнинг фуқароларидан ёки уларнинг топшириғига биноан бошқа шахслардан уларнинг уставларида (низомларида) назарда тутилган вазифаларни амалга ошириш учун келиб тушган пул маблағларидан ва мол-мулкдан, уларни олиш рўйхатдан ўтказувчи орган билан белгиланган тартибда келишилгандан сўнг, бирон-бир тўсиқларсиз фойдаланилади.
Учинчидан, ННТ учун ажратилган грант маблағлари мазкур ташкилотларнинг мамлакатдаги исталган банк муассасаларида очилган махсус ҳисобварақларига келиб тушади. Бугун бунинг учун фақат Асака ва ТИФ МБда махсус ҳисобварақлар очиш талаб этилади (ВМнинг 4.02.2004 йилдаги 56-сон қарорига қаранг).
Тўртинчидан, меҳнатга ҳақ тўлаш фондини тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган келиб тушган маблағлар ҳисобидан шакллантирувчи нодавлат нотижорат ташкилотлари учун ягона ижтимоий тўлов ставкаси 15%дан кўп бўлмаган миқдорда белгиланади. Яъни у микрофирмалар ва кичик корхоналар учун ставкага тенглаштирилди (29.12.2017 йилдаги ПҚ–3454-сон қарорга 23-иловага қаранг).
Бешинчидан, жамоат фонди маъмурий харажатларининг, шунингдек, васийлик кенгаши ва тафтиш комиссияси аъзоларига бериладиган мукофот пули тўловларининг ва улар ўз вазифаларини бажариши билан боғлиқ харажатлар компенсациясининг йиллик умумий суммаси фонднинг барча харажатлари суммасининг 30%идан ошмаслиги керак. Ҳозир бу кўрсаткич 20%ни ташкил этади («Жамоат фондлари тўғрисида»ги Қонуннинг 24-моддасига қаранг).
Олтинчидан, нодавлат нотижорат ташкилотларининг пенсионер ходимларига пенсия уларнинг мазкур ташкилотлардаги фаолияти ягона иш жойи бўлган тақдирда, тўлиқ тўланади.
Истиқболдаги ўзгартиришлар
Адлия вазирлигига 2 ой муддатда ННТ фаолиятини мониторинг қилиш ва ўрганиш турлари, муддатлари, даврийлиги ва бошқа тартиб-таомилларини назарда тутувчи тартибни ишлаб чиқиш топширилди. Унда уларни ўтказиш турлари, муддатлари, даврийлиги ва бошқа таомиллари белгиланади. У Нодавлат нотижорат ташкилотлари тадбирларини келишиш тартиби тўғрисидаги низом (4.06.2015 йилда 2679-сон билан рўйхатдан ўтказилган) ўрнини босадиган кўринади.
Шунингдек рўйхатдан ўтказувчи, солиқ ва статистика органларига тақдим этиладиган ҳисобот шакллари ҳамда уни тақдим этиш тартиби соддалаштирилади. Яъни адлия вазирининг «Нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан адлия органларига тақдим этиладиган ҳисобот шаклларини тасдиқлаш тўғрисида»ги буйруғи (26.12.2016 йилда 2852-сон билан рўйхатдан ўтказилган) ва 1-ННТ (йиллик) шакли ўрнига.
Бундан ташқари, 1.01.2019 йилгача қуйидагилар бўйича электрон тизим жорий этилади:
- ННТларни ва уларнинг рамзларини давлат рўйхатидан ўтказиш, қайта рўйхатдан ўтказиш;
- ННТларнинг ўтказилиши режалаштирилаётган тадбирлари ҳақида хабардор қилиш;
- ННТларнинг ўз фаолияти тўғрисидаги йиллик ҳисоботлари;
- ННТлар томонидан чет давлатлардан пул маблағлари ва мол-мулк олишни келишиш.
Давлат кўмаги
Президент ҳузурида Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат кенгаши ташкил этилди. У бевосита давлат раҳбари томонидан мувофиқлаштирилган ҳолда фуқаролик жамиятини ривожлантириш билан шуғулланади.
Нукус шаҳри, вилоят марказлари ва Тошкент шаҳрида бўшаб ётган ва самарали фойдаланилмаётган давлат мулки объектлари негизида «Нодавлат нотижорат ташкилотлари уйлари» ташкил этилади. Уларда ижтимоий аҳамиятга эга бўлган соҳаларда ўз фаолиятини амалга ошираётган ННТлар ижара тўловининг «ноль» ставкасини қўллаган ҳолда жойлаштирилади.
Ҳужжатда соҳани ривожлантиришга доир бошқа чора-тадбирлар ҳам назарда тутилган.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни, шарҳлар ва у билан боғлиқ бошқа қонун ҳужжатларига ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Самир Латипов.