Вазирлар Маҳкамасининг 27.03.2018 йилдаги 241-сон қарори билан Нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш соҳасидаги фаолиятни лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Белгиланишича, 1.04.2018 йилдан бошлаб мазкур фаолият турига лицензияларни Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси беради. Илгари бу ишни Нодавлат таълим муассасалари фаолиятини лицензиялаш комиссияси амалга оширар эди.
Бу – муҳим! Чет тилларни ўрганиш бўйича ўқув курсларини лицензиялаш, илгаригидек, соддалаштирилган тартибга кўра Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан амалга оширилади (ВМнинг 14.06.2013 йилдаги 169-сон қарорига қаранг).
Таълимнинг ҳар бир тури учун алоҳида лицензия 5 йил муддатга берилади. Бунда қуйидаги талаб ва шартлар қўйилади:
- таълим соҳасидаги қонун ва қонуности ҳужжатларига мажбурий риоя қилиш;
- таълим-тарбия жараёнини давлат таълим стандартларига (давлат талабларига), ўқув режаларига ва таълим дастурларига мувофиқ ташкил этиш;
- лицензия даъвогарида лицензияланаётган фаолиятни бажариш учун мўлжалланган, унга мулкий ёки бошқа ашёвий ҳуқуқ билан тегишли бўлган, белгиланган талабларга мувофиқ биноларнинг (хоналарнинг) мавжуд бўлиши;
- аудиторияларни, ўқув хоналарини замонавий ахборот-коммуникация асбоб-ускуналари, ўқитишнинг техник воситалари ва анжомлар билан жиҳозлаш;
- таълим дастурларининг белгиланган даражасини амалга ошириш учун ўқув биноларини зарур дарсликлар, ўқув-методик адабиётлар ва бошқа кутубхона-ахборот ресурслари ҳамда воситалари билан таъминлаш;
- таълим дастурларини умумий, ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим давлат таълим стандартларига мувофиқ, шунингдек, мактабгача таълим, мактабдан ташқари таълим, кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлашга қўйиладиган давлат талабларига мувофиқ амалга ошириш;
- таълимнинг мажбурий равишда дунёвий характерда бўлиши, таълим жараёнида урушни, зўравонликни тарғиб қилишдан фойдаланишга, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинлиги камситилишига, мамлакатдаги хавфсизлик ва ижтимоий-сиёсий барқарорликка, жамиятнинг ҳуқуқий ва маънавий асослари, фуқаролар осойишталигига, миллатлараро ва динлараро тотувликка рахна солинишига, Ўзбекистон Республикаси тўғрисида нотўғри ахборотлар тарқатилишига ҳамда унинг тарихий, маданий ва маънавий қадриятлари бузиб кўрсатилишига йўл қўймаслик;
- иқтидорли болалар ва истеъдодли ёшларни аниқлаш ва қўллаб-қувватлаш орқали таълим-тарбиянинг юқори сифатини таъминлайдиган қулай шарт-шароитлар яратиш;
- илғор халқаро тажрибаларни инобатга олиб, ўқитишнинг инновацион шакллари ҳамда замонавий технологияларидан фойдаланиш асосида таълим соҳасидаги самарадорлик ва натижадорликни ошириш;
- ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг қобилиятли ва иқтидорли фарзандларини танлов асосида муассасадаги жами тарбияланувчилар, ўқувчилар умумий сонининг 10%идан кам бўлмаган миқдорда бепул ўқишга қабул қилиш;
- битирувчиларга белгиланган тартибда таълим тўғрисида ҳужжат бериш.
Юридик шахсларнинг автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш учун қўйиладиган қўшимча лицензия талаблари ва шартлари бу ерда кўрсатилган.
Лицензия олиш учун Давлат хизматлари марказига ёки ЯИДХП орқали қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:
1) лицензия бериш тўғрисидаги ариза, унда ташкилий-ҳуқуқий шакли (1.01.2018 йилдан бошлаб исталганини танлаш мумкин), жойлашган жойи (почта манзили), таълим фаолиятини амалга ошириш жойининг манзили, банк муассасасининг номи ва банкдаги ҳисоб рақами, фаолиятнинг лицензияланаётган тури, таълим фаолияти йўналишлари рўйхати, шунингдек лицензия даъвогарининг лицензия талаблари ва шартларига риоя қилиши тўғрисидаги розилиги ҳамда электрон манзили кўрсатилади (агар электрон манзили кўрсатилган бўлса, барча хабарлар унга келади);
2) педагог кадрлар ҳақида маълумот;
3) ўқув режаси ва дастурларининг электрон нусхалари;
4) ариза кўриб чиқилганлиги учун лицензия даъвогари томонидан йиғим (ЭКИҲнинг 2 баравари) тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси.
Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси аризани қабул қилгандан сўнг 10 кун ичида (инспекцияга ариза Давлат хизматлари маркази ёки ЯИДХП орқали ўша куннинг ўзидаёқ юборилади) ҳужжатларни ҳамда лицензия даъвогарининг лицензия талаблари ва шартларига мувофиқлигини ўрганади, шунингдек жавоб беради.
Бу – муҳим! Лицензия бериш рад этилган бўлса, ариза такроран кўриб чиқилгани учун йиғим ундирилмайди. Лицензия беришни рад этиш тўғрисида аввалги билдиришномада кўрсатилмаган янги асослар бўйича лицензия беришни рад этишга йўл қўйилмайди.
Лицензия берганлик учун ЭКИҲнинг 10 баравари миқдорида давлат божи ундирилади. У тўлангандан кейин рухсат берувчи ҳужжат 1 кун ичида берилади.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни, шарҳлар ва у билан боғлиқ бошқа қонун ҳужжатларига ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Самир Латипов.