Вазирлар Маҳкамасининг 23.12.2021 йилдаги “Ногиронлиги бўлган шахслар ишлари бўйича идоралараро кенгаш фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 769-сон қарори қабул қилинди.
Президентнинг "Ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигига кўмаклашиш ҳамда ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2021 йил 21 декабрдаги ПҚ-57-сон қарорига мувофиқ Идоралараро кенгаш таркиби ва унинг фаолияти тўғрисидаги Низом тасдиқланди.
Низом қуйидагиларни назарда тутади:
- Идоралараро кенгашнинг мақоми, вазифалари, ҳуқуқлари ва жавобгарлиги;
- Идоралараро кенгаш таркибини шакллантириш, унинг мажлисини чақириш ва ўтказиш тартиби;
- Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлигини Идоралараро кенгашнинг ишчи органи этиб белгилаш;
- Идоралараро кенгаш фаолиятининг натижадорлигини баҳолаш тартиби.
Қуйидагилар Идоралараро кенгашнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
- ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширувчи давлат органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини мувофиқлаштириш;
- ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва ҳуқуқларини таъминлашга доир давлат дастурларини амалга оширишда иштирок этиш;
- ногиронлиги бўлган шахсларнинг таълим олишига, уларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлашга, малакасини ошириш, меҳнат қилиши ва бандлигига кўмаклашиш;
- ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамият ва давлат ҳаётида тўла ҳуқуқли тарзда иштирок этиши учун қулай шарт-шароитлар яратишда иштирок этиш.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 23.12.2021 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.