Президентнинг 9.08.2021 йилдаги «Ногиронлиги бўлган шахсларга кўрсатилаётган тиббий-ижтимоий хизматлар сифатини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-5217-сон қарори қабул қилинди.
Ҳужжатда қуйидагилар ногиронлиги бўлган шахсларга, айниқса болаларга кўрсатилаётган тиббий-ижтимоий хизматлар сифатини яхшилашнинг энг муҳим йўналишлари этиб белгиланди:
- мактабгача ва ихтисослаштирилган таълим муассасаларида таълим олаётган эшитиш қобилияти заиф болаларни замонавий эшитиш мосламалари билан таъминлаш орқали мослаштирилган (адаптив) ўқув тизимини жорий қилиш;
- кохлеар имплантатларини ўрнатиш бўйича жарроҳлик амалиётини ўтказишдан олдин ва ундан кейинги реабилитация жараёнини Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тўлиқ бепул амалга ошириш;
- болаларни туғма, патологик ва орттирилган суяк-мушак тизимидаги ўзгаришлар ва деформацияларни даволаш учун зарур бўлган тиббиёт буюмлари ва эндопротезлар билан узлуксиз таъминлаш, жумладан экзоскелет ускунасини олиб кириш орқали ногиронлиги бўлган шахсларнинг одатий ҳаётга мослашувини тезлаштириш;
- бош миядаги патологик ўзгаришлар (жумладан, гидроцефалия) билан туғилган болаларнинг, шунингдек янги туғилган чақалоқлар, болалар ва ўсмирлардаги туғма юрак нуқсонларининг жарроҳлик амалиётини Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ўтказилишини таъминлаш ва бошқалар.
2021 йилда ҳамда кейинги йилларда қуйидагилар бўйича чора-тадбирлар амалга оширилади:
а) 2 минг дона замонавий эшитиш мосламаларини харид қилиш ва уларни ихтисослаштирилган таълим муассасаларида таълим олаётган эшитиш қобилияти заиф болаларга етказиш;
б)2021 йилда харид қилиниши режалаштирилган 260 та кохлеар имплантатларига қўшимча равишда 355 та кохлеар имплантатларини харид қилиб, уларни 5 ёшгача болаларга жарроҳлик амалиёти орқали ўрнатиш;
в) қуйидагиларда туғма юрак нуқсони ҳамда бош миядаги патологик ўзгаришлар (жумладан, гидроцефалия) бўйича жарроҳлик амалиётларини ўтказиш:
- 2021 йилда қўшимча 2 минг нафаргача болада;
- 2022 йилдан бошлаб эса ҳар йили 3 минг нафаргача болада;
г) ҳар йили камида 110 нафар бемор бола учун транспедикуляр тизим (фиксаторлар) тўпламларини харид қилган ҳолда, уларда сколиоз ва умуртқа поғонасининг бошқа патологияси бўйича жарроҳлик амалиётларини амалга ошириш;
д) йилига ўртача 1 минг нафар болага туғма ва патологик сон чиқишини жарроҳлик амалиётлари орқали даволаш учун зарур металл конструкцияларини сотиб олиш;
е) ҳар йили камида 140 нафар бемор болада кўкрак қафаси деформациясини даволаш учун 150 та махсус пластиналарни харид қилиш ва ўрнатиш;
ж) бемор болаларга туғма оёқ-қўл патологияларини даволаш учун 350 та Илизаров аппаратларини харид қилиш;
з) ҳар йили камида 100 нафар бемор болага жарроҳлик амалиётлари давомида суяк дефектларини тўғрилаш учун коллопан гранулаларини харид қилиш;
и) болалар церебрал фалажи, умуртқа поғонасининг патологик синиши билан касалланган болалар ва катталарда мустақил юриш функцияларини қайта тиклаш учун Ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш миллий маркази ва унинг ҳудудий марказларини 2021–2023 йилларда 54 та, шундан 2021 йилда 14 та замонавий экзоскелет ускунаси билан таъминлаш;
к) 2021–2025 йилларда 11,6 минг дона, шу жумладан 2021 йилда 1 100 дона электр юритмали кресло-аравачаларини ногиронлиги бўлган шахслар учун харид қилиш;
л) кўзи ожиз болалар ва катталарни:
- 9 минг дона овозли термометр;
- 10 минг дона овозли тонометр;
- 20 минг дона йиғма Брайл алифбоси билан таъминлаш;
м) ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар оғир ва фавқулодда вазиятларга тушганда уларга тезкор ёрдам кўрсатиш ҳақида хабар беришнинг инновацион лойиҳасини амалиётга жорий этиш.
2022 йил 1 майга қадар «Ижтимоий хизмат» электрон платформаси ишлаб чиқилади ва ишга туширилади. У протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилиш техник воситаларига муҳтож бўлган шахсларнинг шаффоф электрон навбат тизимини таъминлайди, шунингдек протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситаларининг яроқлилик муддатини назорат қилиш, уларга кутилаётган эҳтиёжни аниқлаш, мазкур мосламалар ва воситалар билан ўз вақтида таъминлашни амалга ошириш учун барвақт зарур захира яратиш имкони беради.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 10.08.2021 йилдан кучга кирди.
Эльмира Сиразиева.