Адлия вазирининг буйруғи (рўйхат рақами 3113, 4.01.2019 й.) билан Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисида йўриқноманинг янги таҳрири тасдиқланди.
Мазкур ҳужжатнинг илгари амал қилган таҳрири (рўйхат рақами 2090, 30.03.2010 й.) ўз кучини йўқотди.
Эслатиб ўтамиз, Президентнинг 25.05.2018 йилдаги ПҚ–3741-сон қарорида назарда тутилган нотариал хизматлар кўрсатиш тизимидаги янгиликлар жорий йилнинг 1 январидан кучга кирди. Улар ҳақида олдинги шарҳларда батафсил сўз юритган эдик.
Қабул қилинган ҳужжат билан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш қоидалари ва уларнинг айрим турлари учун белгиланган қоидалар тартибга солинган («Нотариат тўғрисида»ги Қонуннинг 23-моддаси). Хусусан, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий пропискаси бўлмаган шахсларнинг шу ерда янги қурилган уй-жой харид қилишига доир битимларни нотариал расмийлаштириш тартиби белгиланди.
Илгари ёзганимиздек, фуқароларнинг пойтахт ва пойтахт минтақасидаги янги қурилган уй-жойларни оширилган нархларда харид қилишига доир бунгача амал қилган чекловлар бекор қилинди. Энди фуқаролар ўртасида тузилган битимлар суммалари ҳисобга олинмайди. Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларида прописка қилинган хорижликлар Тошкент ва Тошкент вилоятидаги уй-жойлар учун 3 300 ЭКИҲ тўлашлари керак бўлади.
Ҳужжатнинг янги таҳририда ушбу жиҳатлар ҳам ўз аксини топган.
Маълумот учун. Кўчмас мулкнинг олди-сотди, айирбошлаш ва ҳадя қилиш битимларини нотариал тасдиқлаш тартиби Кўчмас мулкнинг олди-сотди, айирбошлаш ва ҳадя қилиш битимларини идоралараро электрон ҳамкорликни қўллаган ҳолда нотариал тасдиқлаш тартиби тўғрисида низомда (27.02.2017 йилдаги 106-сон ВМҚ билан тасдиқланган) белгиланган.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 5.01.2019 йилдан кучга кирди.
Ленара Хикматова.