Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солиш мақсадларида амортизация ҳисоблашнинг фарқи МИЗ иштирокчиларига фойда солиғи бўйича имтиёз қайси даромад турларига нисбатан қўлланилиши мумкин Геологик изланишларнинг солиқ ҳисоби қандай юритилади

Одам савдосига қарши курашиш миллий Комиссиясининг вазифалари белгиланди

26.12.2023

Рус тилида ўқиш

Президентнинг 21.12.2023 йилдаги «Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат тамойилларини кенг жорий этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-210-сон Фармони қабул қилинди.

 

Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича миллий комиссия этиб қайта ташкил қилинди. У қуйидагилардан иборат:

  • ички ишлар вазири раҳбарлик қиладиган одам савдосига қарши курашиш масалалари бўйича кичик комиссия;
  • камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири раҳбарлик қиладиган муносиб меҳнат масалалари бўйича кичик комиссия.

 

Фармон билан Миллий комиссиянинг асосий вазифалари белгиланди:

  • республика ижро этувчи ҳокимият органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, ННТнинг одам савдосига қарши курашиш, ундан жабрланган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, шунингдек, муносиб меҳнат тамойилларини, халқаро меҳнат стандартларини кенг жорий этиш, фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш;
  • одам савдосига қарши курашишга оид дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
  • одам савдосига қарши курашиш соҳасида амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг натижадорлигини таҳлил қилиш, баҳолаш, мониторинг қилиш;
  • одам савдосига қарши курашиш соҳасида халқаро ва минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш, тартибга солинмаган меҳнат миграцияси ҳолатларини камайтириш;
  • одам савдосига оид жиноятларни аниқлаш, тергов қилиш, уларнинг олдини олиш ва уларга чек қўйиш ҳамда ушбу турдаги жиноятлардан жабрланган шахсларга реабилитация ва реинтеграция  хизматларини кўрсатиш амалиётини такомиллаштириш.

 

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари зиммасига одам савдосига қарши курашиш масалалари бўйича ҳудудий комиссияларга раҳбарлик қилиш вазифаси юкланди.

 

Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича миллий маърузачи институти негизида Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича миллий маърузачи институти таъсис этилди. Бунда унинг функциялари Миллий комиссия раиси зиммасига юкланди.

 

Миллий маърузачи одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат тамойилларини жорий этиш бўйича мамлакатимиздаги ҳамда мазкур йўналишда хорижий давлатлардаги Ўзбекистон фуқаролари билан боғлиқ вазиятлар тўғрисида, ушбу соҳада илғор халқаро тажрибани татбиқ этиш ҳамда мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида мамлакатимиз Президентига ҳар йили ахборот тақдим этади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 23.12.2023 йилдан кучга кирди.


Лола Абдуазимова