Парламент Юқори палатаси Кенгаши 22.09.2018 йилда тегишли қарор қабул қилди. Бу Сенат жорий чақирувининг 16-ялпи мажлиси бўлади, дея хабар беради ЎзА.
Кун тартибида – қуйидаги ҳужжатлар:
- «Давлат божхона хизмати тўғрисида»ги Қонун (янги таҳрир);
- «Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида»ги Қонун;
- «Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати кунини белгилаш тўғрисида»ги Қонун;
- иқтисодий муносабатлар ва тадбиркорликни ривожлантиришга, юридик ёрдам ва ҳуқуқий хизматлар кўрсатиш тизимини, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишни таъминлаш ва уй-жой коммунал хизматлар кўрсатиш тизимини такомиллаштиришга, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноий жавобгарликни либераллаштиришга, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни кучайтиришга қаратилган айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонунлар;
- халқаро шартномаларни ратификация қилиш тўғрисидаги қатор қонунлар.
Бундан ташқари, қуйидагиларнинг ҳисоботлари эшитилади:
- Бош вазири ўринбосарининг 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишни янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастурининг ижроси тўғрисида;
- Бухоро вилояти ҳокимининг ҳудудларни ривожлантириш ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолияти ҳақида.
Сенаторлар қишлоқ хўжалигида меҳнатга оид муносабатларни тартибга солиш ҳамда мазкур соҳадаги норасмий бандлик масалалари юзасидан Бош вазир ўринбосарига парламент сўрови юбориш билан боғлиқ масалани ҳам муҳокама қиладилар.